Линклар

logo-print

Туркман сиёсий маҳбуслари исён кўтарди...ми?

  • Абдулла Искандар

Уруш ва тинчликни ëритиш институти тарқатган маълумотга кўра, Туркманистондаги собиқ амалдорлар ва сиëсий маҳбуслар жазо ўтайдиган Ободонтепа қамоқхонасида исëн кўтарилган ва шафқатсизларча бостирилган.

Ўтган йилнинг 21 декабрида Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзовнинг вафот этгани маҳбусларга маълум бўлгандан сўнг улар қамоқхонада қўзғолон қилишга уринган.

Уруш ва тинчликни ёритиш институти тарқатган, Россиянинг “Коммерсант” газетасида эълон қилинган маълумотга кўра, қамоқхонадаги исённинг шафқатсиз бостирилиши оқибатида 23 маҳбус ўлган.

Туркман Ҳелсинки ташаббус гуруҳи фаоли Фарид Тухватуллин бу маълумот етарлича тасдиғини топмаëтганини айтади.

“Бу маълумотга ишониш қийин. Ëпиқ турмани кўз олдингизга келтиринг . Маҳбуслар қамоқ ҳужраларида темир панжара ортида ўтирибди. Уларнинг қўзғолон қилишга имкони йўқ”, - дейди Ф.Тухватулин.

Швецияда яшайдиган туркман мухолифатчиси Оқмуҳаммад Веллисапар эса бу маълумотнинг ҳақиқатга яқин эканини билдирди.

Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Андрей Грозин ҳам Туркманистон қамоқхонасидаги исëннинг бостирилиши ҳақидаги маълумотларда асос борлигини айтар экан, расмий Ашхободнинг мамлакатдан бирор маълумотнинг четга чиқишини истамаëтганига ҳам эътибор қаратади.

“Жамиятнинг ëпиқлиги сақланиб қолмоқда ва бу вазиятнинг яқин орада ўзгаришига умид йўқ. Туркманбоши ўлимидан сўнг давлат тепасига келганлар жамиятнинг ўзгармасдан қолишини истамоқда”, - деди А.Грозин.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон президентлигига номзодини қўйганлар дастурида қамоқхоналаридаги сиëсий маҳбусларни озод қилиши ҳақида гап-сўз йўқ.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Тожигул Бегметова сўзларига кўра, Туркманистон президенти бўлишга интилаётган номзодлардан бирортаси ўз дастурида сиёсий маҳбусларни реабилитация қилиш ҳақида ёзса, муваффақиятга эришган бўларди.

“Авф қилиш эмас, балки реабилитация қилиш ҳақида гап бориши керак. Туркманистон қамоқхоналаридаги сиëсий маҳбусларнинг кечиладиган гуноҳи йўқ”, - дейди Т.Бегматова.
XS
SM
MD
LG