Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:48

Халқ қашшоқ, ҳарбий харажатлар кўлами эса отни ҳуркитади


23 январь куни “Фарғона.ру” Интернет нашрида пайдо бўлган маълумотга кўра, Марказий Осиëнинг бешала ҳукумати ҳам 2007 йилда ўз ҳарбий бюджетини оширишга қарор қилган.

“Бу жараëннинг ўтган йиллардагидан фарқи шундаки, Марказий Осиë давлатлари ҳарбий бюджетининг ўсиши уларнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичларидан илгарилаб кетди”, - деб ëзади “Фарғона.ру”.

Айтилишича, 2007 йилда минтақадаги ўртача ялпи ички маҳсулот ўсиши 9-10 фоиз атрофида режаланаëтган бўлса, ҳарбий харажатлардаги ўсиш 48 фоизни ташкил этмоқда.

“Фарғона.ру” ëзишича, минтақада 2007 йилда ҳарбий соҳага энг кўп пул сарфлашни режалаëтган давлат Қозоғистондир. Бу борада мустақилликдан бери биринчи бор Ўзбекистон ҳукуматидан олдинга ўтган расмий Остонанинг жорий йилги ҳарбий харажати 1 миллиард 220 миллион доллар қилиб белгиланган. Гарчи бу ўтган йилги маблағдан қарийб икки баравар кўп бўлса-да, у 100 миллиард доллардан ошган Қозоғистон ялпи ички маҳсулотининг бор-йўғи 1,2 фоизини ташкил этади ва ëнилғи нархининг ошиши оқибатида кучайиб бораëтган қозоқ иқтисоди учун сезиларсиз харажатдир.

2007 йилда Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳарбий харажатларини, мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 902 миллион доллар атрофида белгилаган. Бу эса Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 5 фоизини ташкил этади.

Хўш, бу икки давлатдаги ҳарбий харажатларнинг ўсиши Қозоғистон ва Ўзбекистон мудофааси учун реал таҳдидларга қанчалар мутаносиб?

Истеъфодаги генерал Ким Серикбоев Қозоғистон иқтисодининг кучайиши унинг мудофаа тизимини мустаҳкамлашга имкон яратишини айтади.

“Қозоғистон армияси ва ҳарбий тизимлари нисбатан янги ва оëққа турмаган. У ҳалигача советлардан қолган техника билан қуролланган. Ҳукумат ҳарбий доктринасига кўра, армия кам сонли, профессионал ва энг янги қуроллар билан таъминланган бўлиши лозим. 2007 йилда Қозоғистон ҳарбий харажатларининг ошишидан айни шу мақсад кўзланган”, - дейди Қозоғистон армиясининг яқинда истеъфога чиққан генерали Ким Серикбоев.

“Независимая газета” ҳарбий шарҳловчиси Владимир Мухин фикрича, Қозоғистон ҳарбий харажатларининг ошиши расмий Остона мамлакат учун таҳдид, деб билаëтган омилларга қарши курашга мутаносибдир.

“Қозоғистон ҳарбий харажатларининг каттагина қисми Каспий бўйида мудофаа инфратузилмаси ташкил этишга мўлжалланган. Бу эса Қозоғистон ҳукуматини, биринчи галда, ўз ëнилғи захиралари ва уларни экспорт қилиш йўлларини тажовуз ва таҳдиддан ҳимоялаш масаласи ташвишга солаëтганини кўрсатади”, - дейди В.Мухин.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон-Қозоғистон чегара ҳудудларида миллий можаро чиқиш эҳтимоли, Шинжон-Уйғур минтақасидан экстремизм хавфининг ëйилиши ва Шарқий Қозоғистондаги Семиречинск казаклари ва умуман русларнинг ҳудудий таҳдидлари Қозоғистон армиясини мустаҳкамлаш, демакки, ҳарбий харажатларни оширишни тақозо қилаëтган объектив омиллардир.

Ўзбекистон ҳукуматини ҳарбий харажатларни оширишга ундаëтган омиллар эса бутунлай бошқа мазмунда ва у, асосан, ҳозирги режимнинг ўзини ички таҳдиддан ҳимоялашга қаратилгандир, деб давом этади В.Мухин ва диққатни Ўзбекистон Конституциясининг 125, 126-моддаларига қаратади. Конституциянинг 125-моддасида ëзилишича, Ўзбекистон Қуролли кучлари давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. 126-моддада эса Ўзбекистон Республикасининг ўз хавфсизлигини сақлаш учун зарур миқдордаги Қуролли кучларни ушлаб туриши айтилади.

“125 ва 126-моддалар Ўзбекистон раҳбариятининг ўз ҳудудларида ҳам Қуролли кучлардан фойдаланишига қонуний асос яратади ва биз 2005 йил 13 май куни Андижонда худди шундай воқеага гувоҳ бўлдик. Аммо Ўзбекистон иқтисодининг ўта ночор аҳволда экани, қолаверса, Каримов режимининг Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига қарашли кўп сонли қуролли қўшинни таъминлашга ҳам юзлаб миллион доллар сарфлаши назарга олинса, Ўзбекистон ҳарбий харажатларининг қарийб бир миллиард долларга яқинлашиб қолгани мамлакат аҳолисини янада қашшоқлаштириш эвазига бўлаëтганини кўриш мумкин”, - дейди В.Мухин.

Унинг таъкидлашича, Каримов режимининг қанча яшаши халқ хоҳишига эмас, балки айнан куч ишлатар тизимларнинг уни қанчалар қўллаб-қувватлашига боғлиқ. Шу боис, асосий оғирлик қашшоқлашиб бораëтган халқ елкасига тушишига қарамай, Тошкент айнан шу тизимларга кўпроқ маблағ ажратишга мажбур.

“Бугун Ўзбекистонда ким яхши яшамоқда?! Айнан ҳуқуқ-тартибот ва армия тизимлари ходимлари. Каримов ҳам Сталин йўлидан бориб, ўз ҳаëт-мамотини айнан куч ишлатар тизимлар таянчи устига қурмоқда. Аммо бундай сиëсат тузумнинг ўзини боши берк кўчага олиб кириб қўйган”, - дейди В.Мухин.
XS
SM
MD
LG