Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:13

Германия ЕИга МОга оид янги стратегияни тиқиштиряпти


Европа Иттифоқининг амалдаги раиси Германия ҳукумати ўзининг Марказий Осиëга оид стратегиясининг Европа тизимлари томонидан қўллаб-қувватланишига эришишга уринмоқда.

Кейинги кунларда Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер айни шу мақсадда бир қанча жиддий учрашувлар ўтказмоқда. Ўтган ҳафта охирида Берлин дипломатлари раҳбари Венада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раҳбарияти билан учрашиб, Германия ишлаб чиққан Марказий Осиë стратегиясини амалга оширишда ҳамкорликка чақирди. Сешанба куни эса Брюсселда Европа парламенти депутатлари билан учрашувида у яна айни шу масалани муҳокама қилди.

Айрим Ғарб нашрларининг ëзишича, Европа парламенти депутатлари билан сешанба кунги учрашувида Штайнмайер ЕИнинг 50 йиллик тарихида биринчи бор иттифоқнинг МОдаги хавфсизлик ва ëнилғи борасидаги манфаатларини ўзида мужассам қилган янги стратегия ишлаб чиқиш фурсати етганини таъкидлаган.

“Европанинг МОдаги манфаатларини аниқ белгилаб олишимиз лозимлиги борасида шу кунларда ҳар қачонгидан кўра ишончим қатъийдир. Иттифоқ аъзоларининг Германия президентлиги даврида бу борадаги биринчи уринишга тайëр бўлган-бўлмаганини кўриш учун янги ташаббусни бошлашимиз лозим”, - деди Штайнмайер 23 январь куни.

Брюсселда жойлашган Европа тадқиқотлари маркази иттифоқ тизимларига турли сиëсий-иқтисодий тавсиялар бериш билан шуғулланади. Мазкур марказнинг етакчи таҳлилчиси Майкл Эмерсоннинг айтишича, Германия ташқи ишлар вазирининг кейинги кунларда оғиздан тушмай келаëтган МО стратегияси ҳозирча умумий гаплардан иборат.

“Баëнотнинг умумий мазмуни тушунарли - МОни бошқаларга бериб қўймаслик учун ЕИ минтақада бўлиши керак. Аммо Германия бу мақсадга айнан қай усул ва шаклда етмоқчи, буниси ҳозирча қоронғу. Шу кунларда Брюсселда айрим қизиқарли таклифлар муҳокама этилмоқда. Булар орасида Қозоғистонни Европа қўшнилари сиëсатига қўшиш, уни Европа кенгашига қабул қилиш, шунингдек, Ниëзовдан кейинги янги Туркманистон каби гаплар бор. Аммо буларнинг бари ҳали аниқ шаклга кирган эмас”, - дейди М.Эмерсон.

Германия ҳукумати ЕИнинг МОга оид сиëсатига айлантиришга уринаëтган стратегиянинг Ўзбекистонга оид асосий ўринларидан бири, Майкл Эмерсон фикрича, иттифоқ аъзолари ўртасида жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.

“Яқинда иттифоқ ташқи ишлар вазирлари кенгашида Ўзбекистонга нисбатан кучда қолаëтган санкцияларни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди. Германия ҳукуматининг бу таклифи ҳозирча аъзо давлатларнинг тўлиқ таянчини қозона олмади. Кўпчилик Берлин ҳукумати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига қўл силташ борасида чегарадан ошмоқда, деган фикрда. Иттифоқнинг аксар аъзолари МО, хусусан, Ўзбекистондаги ëнилғи манфаатлари кетидан қувиш билан демократия ва инсон ҳуқуқлари бобидаги жиддий муаммоларга ëндашувда мувозанат бўлиши лозим, деган қарашда”, - дер экан М.Эмерсон яқин орада бу масалада иттифоқ аъзоларининг муросага келишини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди.

Германиялик сиёсатшунос Алберт Рар Берлин ҳукумати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига қўл силташ борасида чегарадан ошаётгани ҳақидаги фикрларнинг асоссиз эканини тушунтиришга уринади.

“Албатта, МО давлатларида яқин орада демократия қарор топишига Германияда биров ишонмайди. Аммо Берлин ҳукумати бундай режимлар сиëсатига мулоқот орқали, уларни Ғарб билан иқтисодий ҳамкорликка тортиш орқали таъсир қилиш мумкинлигига ишонади. Бу Германиянинг собиқ СССР ва шарқий қўшниларига нисбатан тутган эски сиëсати давомидир. Социал-демократик партияси аъзоси бўлган Штайнмайер ўз партиясининг тажрибадан ўтган бу ëндашувини бугун МОга нисбатан қўллашга жуда иштиëқманд”, - деди А.Рар.

Унинг сўзларига кўра, Германия ташқи ишлар вазирининг яқин ҳафта ва ойларда иттифоқ муҳокамасига қўйиладиган МО стратегияси амалга кўчмай қолса, келажакда бунинг хавфсизлик ва иқтисод бобидаги оқибатлари ЕИга қимматга тушади.

“ЕИнинг бу янги сиëсатига имкон бериш керак. ЕИнинг Европа қитъаси, қолаверса, бутун Евроосиëда ўз мустақил сиëсатига эга ўйинчи бўлиш фурсати келди. Агар Германия ҳукумати илгари сураëтган бу сиëсат иттифоқ аъзолари томонидан қабул қилинмаса, қўрқаманки, келаси йиллар ичида ЕИнинг минтақага нисбатан якдил сиëсатини яратиш муаммолигича қолаверади”, - деди А.Рар.

Брюсселдаги манбаларнинг билдиришича, ҳозир ЕИнинг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Ҳавьер Солана идораси, Европа комиссияси ва Германия ташқи ишлар вазири иттифоқнинг МОга нисбатан янги сиëсати лойиҳалари устида алоҳида-алоҳида ишламоқда. Бу лойиҳалардан қай бири аъзо давлатлар томонидан маъқулланиши июнь ойига қадар аниқ бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG