Линклар

logo-print

“Иваново ўзбеклари” устидан янги суд бошланади

  • Абдулла Искандар

“Иваново ўзбеклари” номини олган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларига қочқинлик мақоми бериш-бермаслик масаласи Иваново вилояти судида кўриб чиқилиши белгиланди.

Иваново вилоятининг Октябрь тумани суди Россия Федерал миграция хизмати “Иваново ўзбеклари”га қочқин мақомини беришни рад этганини ноқонуний, деб топган эди. Бунга жавобан ФМХ Иваново вилояти судига шикоят ариза билан мурожаат қилди.

Шу аризага асосан вилоят суди қочқинларнинг олти нафари масаласини ўрганади. 29 январь куни суд Маҳмудов, Ҳамзаев, Улуғхўжаев масаласини кўриб чиқади. Рустамхўжаев, Усмонов ва Муҳаммадсобиров масаласини муҳокама қилиш эса 30 январга белгиланди.

“Иваново ўзбеклари” номини олган 13 кишилик қочқинлар гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати томонидан Андижондаги ғалаённи ташкиллаштиришга алоқадорликда айбланмоқда ва улар Россияда айнан Ўзбекистон талаби билан ҳибсга олинган эди. Ўзбекистон Россиядан бу қочқинлари зудлик билан ўзига топширишни сўраяпти.

Ўзбек қочқинлари ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат Светлана Мартинова “Иваново ўзбеклари” юзасидан туман судидан тортиб то Страсбург судигача бўлган мақомда турли қарорлар қабул қилинганини айтади.

“Иваново ўзбеклари” Россия қонунларига зид равишда қарийб 20 ойдан буён вақтинчалик ҳибсда сақланмоқда. Бу масалани ўрганиб чиққан
Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари суди Россия ҳукуматидан ўзбекистонлик қочқинларнинг бунча муддат ҳибсда сақлаётгани борасида изоҳ талаб қилди.

“Европа инсон ҳуқуқлари суди 12 декабрь куни Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, “Иваново ўзбеклари” масаласи борасида ўртага чиққан беш саволга 2007 йилнинг олтинчи мартига қадар жавоб беришни талаб қилди. Европа суди қарорига илова қилинган мактубда “Иваново ўзбеклари” масаласи устивор тарзда кўриб чиқилиши айтилади”, - дейди адвокат С.Мартинова.

Унинг таъкидлашича, Европа суди қарори узил-кесил бажарилиши лозим бўлган ҳужжатдир. Бу ҳужжат талаблари бажарилмаган тақдирда Россия ўзи имзолаган халқаро конвенцияларни бузган ҳисобланади.

С.Мартинова Иваново вилояти суди адолатни тиклашига умид қилаётганини айтди.

“Вилоят суди миграция идорасининг даъвосини инобатга олмай, Октябрь тумани суди қарорини ўз кучида қолдиришидан умидвормиз. Агар шундай бўлса, Россия бу фуқароларга сиëсий қочқин мақомини беришга мажбур бўлади”, - деди адвокат.

С.Мартинова 20 ойдан бери Иваново ҳибсхонасида сақланаëтган ўзбек қочқинларининг кейинги тақдири келаси ҳафтага мўлжалланган суд қарорига боғлиқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG