Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:48

Давосдан Сингапур яхшими?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Сингапурга уч кунлик давлат ташрифи давом этмоқда. Бу ташриф давомида томонлар ўртасида бир неча ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Мазкур ташрифдан кутилаётган асосий натижалардан бири эса Сингапурнинг Ўзбекистонга 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари атрофида сармоя киритишидир.

Сафари олдидан Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига интервью берган И.Каримов имзоланиши кутилаётган олти муҳим ҳужжатга бирма-бир тўхталди ва асосий эътиборни кўзланаётган сармояга қаратди.

Икки давлат ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 2006 йилда 80 миллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этди. Бунинг 70 миллиондан кўпроғи экспорт (асосан, пахта) ва 5 миллионга яқини импортдан (электр ва механик ускуналар) иборат. Сингапур сармояси билан Ўзбекистонда 12 та корхона ишламоқда. Ижтимоий йўналишдаги ҳамкорлик эса, асосан, фуқаролик авиацияси соҳасида.

“Бошқача айтганда, Сингапур Ўзбекистонинг асосий савдо ҳамкорлари рўйхатида дастлабки йигирмаликка ҳам кирмайди, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров. - Фикримча, бу (И.Каримовнинг сафари) Жануби-шарқий Осиё давлатлари орасидан ҳамкор топиш илинжидир. Ғарб инвестициясининг йўлини тўсган Ўзбекистон ҳукумати энди сармоя жалб қилиш имкони нисбатан кенг бўлган Осиё давлатларига кўз тикяпти”.

Унинг сўзларига кўра, Сингапурнинг Ўзбекистонга киритиши айтилаётган 1,5 миллиард долларга яқин сармояси режалигича қолиши мумкин.

“Ўзбекистон томони бу сармоя нефть-газ соҳаси, хусусан, синтетик ёнилғи ишлаб чиқаришга ётқизилишини айтмоқда. Ўзбекистоннинг айнан нефть бозори ҳали ташқи бозорга мослашмаган. У ҳали ички бозорни ҳам тўла қондириш даражасида эмас. Шу боис, ҳужжатлар имзолангани билан сармоянинг кириб келиши даргумон. Табиий, Ўзбекистондаги ҳозирги инвестициявий муҳит ташқи инвесторлар талабини қондирар даражада эмас. Яъни бу сафар протокол шартномалар доирасидаги расмий сафарлардан биридир”, - дейди Д.Поваров.

24 январь куни Давосда навбатдаги Жаҳон иқтисодий форуми бошланди. Одатда И.Каримов бу учрашувларга қатнашишни канда қилмасди. Лекин бу йил у Давосга эмас, Сингапурга йўл олди.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар фикрича, бунинг асосий сабаби 22 январь куни И.Каримовнинг президентлик ваколати тугаши ва шу билан боғлиқ сиёсий аҳволининг қалтислигидир.

Ўзбекистонлик сиёсатчи Тошпўлат Йўлдошев И.Каримовнинг бу сафари Сингапур давлат раҳбарининг мамлакатнинг ички сиёсий-ижтимоий ҳаёти даражасидаги тадбирга таклифига кўра амалга оширилаётган аслида амалий сафар эканига эътибор қаратди. Унинг таъкидича, Ўзбекистон раҳбари оддий амалий сафарини энг юқори даражадаги давлат ташрифига айлантирди ва шу билан Давос учрашувларига бормаслиги сабабини яна бир карра уқтиришга уринди.

“Бу сафари билан Каримов уни хориж давлатлари, масалан, Сингапур ҳалиям президент сифатида тан олаётганини таъқидламоқчи бўляпти назаримда. Давосга бориш эса уни анча оғир аҳволга солиб қўйиши мумкин эди. Чунки у ерда журналистлар, халқаро ташкилотлар ва мухолифат вакиллари уни ваколати тугаганидан кейин ҳам президент сифатида ҳокимиятда қолиши борасида сўроққа тутиши мумкин эди”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG