Линклар

Йўллар равон бўлиб қолармикин?

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон президенти мамлакат автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш учун 2007-2010 йиллар давомида 500 миллиард сўм сарфлашни назарда тутувчи миллий конвенцияни тасдиқлади.

Бу режа мамлакат бўйлаб алоҳида аҳамият касб этувчи жами 679 километр йўлни таъмирлашни ва янгиларини қуришни назарда тутади.

Ўзбекистон яхши ривожланган автомобиль йўлларига эга эканига қарамай, уларнинг бугунги аҳволини кўнгил тўладиган даражада, деб бўлмайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўл қурилиши ва таъмирлаш соҳасидаги талон-тарожлик ҳамда хорижий сармояларнинг озлиги тармоқни ривожлантириш режаларини ҳар доим шубҳа остига қўйиб келган.

“Қурилиш охирига етмасдан йўлларнинг қурилган қисми қўпорилиб тушади. Йўллар талабга жавоб бермайди. Кўп пул тўлаймиз-у, йўллар яхшиланмайди, номига қурилади”, - дейди Аҳмаджон исмли ҳайдовчи.

Аммо мамлакатнинг умумий узунлиги салкам 150 минг километрни ташкил этадиган автомобиль йўллари орасида мақтовга арзигуликлари ҳам бор.

Ўзбекистондаги Йўл лойиҳалаштириш бюроси халқаро бўлими бошлиғи Умиджон Маҳматов бошқа постсовет давлатлари билан солиштирганда Ўзбекистонда вазият у қадар абгор эмаслигини айтади. У оддий ҳайдовчилардан фарқли ўлароқ, йўллар талабга жавоб бермаслигининг асосий сабаби маблағ камлигида эканини билдирди.

Ўзбекистоннинг автомобиль йўллари тармоғини ривожлантиришга оид янги конвенциясига кўра, 2007-2010 йиллар давомида бу мақсадлар учун 500 миллиард сўм сарфланиши керак.

“Аммо бу маблағнинг юзлаб километр йўлни таъмирлаш ва қуриш бўйича белгиланган режаларни амалга оширишга етарли бўлмаслигини ҳозирдан айтиш мумкин, - дейди иқтисодчи Дмитрий Поваров - Бу масалада, биринчи галда, Жаҳон банки ҳукуматни танқид қилмоқда. Ташкилот ўз ҳисоботларида шаффоф бўлмаган Йўл жамғармасини тугатишни тавсия қилиб келади. Бу жамғармани назорат қилиш мушкул ва шубҳасиз, маблағлар турли йўллар билан талон-тарож этилади”.

Ҳукумат оддий ҳайдовчилардан тортиб, турли ташкилотлардан олинадиган йўл солиғи тушумлари йиғиладиган Йўл жамғармасини тугатишга шошилаётгани йўқ. Шаффофликнинг йўқлиги Ўзбекистондаги автомобиль йўлларини назорат қилувчи “Ўзавтойўл” давлат компаниясининг мамлакат йўлларига сармоя ётқизадиган сармоядорлар топишини оғирлаштиради.

Ҳукуматнинг асосий режаси эса халқаро аҳамият касб этувчи йўлларни зудлик билан яхшилашдир.

“Атрофдаги давлатларда барпо этилаётган янги транзит йўналишлар билан рақобатлашиш учун Ўзбекистонга зўр йўллар зарур. Акс ҳолда ўзининг қулай географик шароитига таяниб келган Ўзбекистонни яқин келажакда халқаро транзит йўналишлар четлаб ўтиши мумкин”, – дейди Д.Поваров.

Расмийларнинг айтишича, 2010 йилга қадар Ўзбекистон автомобиль йўллари тармоғини ривожлантиришга оид миллий конвенция тўлиқ тадбиқ этилса, мамлакат ҳудуди орқали кўпроқ юк олиб ўтилиши учун шароит яратилади. Бу эса транзитдан тушадиган даромадларни 50 фоиз ошириши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон расмийлари йўлларнинг хусусийлаштирилиши эҳтимолларини ҳам инкор этаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG