Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Навбатдаги ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсда


Душанба куни йўқолиб қолган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзованинг Тошкент транспорт прокуратурасида ҳибсда ушлаб турилаётгани маълум бўлди.

“Озодлик” мухбири У.Ниёзованинг ўзи билан суҳбатлашиб, бу маълумотни тасдиқлашга муваффақ бўлди. Унинг айтишича, жума куни Тошкент транспорт прокуратурасига олиб келинган, шу пайтгача эса Андижонда ҳибсда ушлаб турилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг икки банди асосида жиноят иши очилган.



Аммо У.Ниёзова бу қандай айбловлар экани ҳақида аниқ бир гап айтмади.

Айрим манбаларнинг билдиришича, У.Ниёзовага ноқонуний адабиётларни киритиш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш каби айбловлар қўйилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист У.Ниёзова 21 декабрь куни Бишкекдан қайтаётиб, Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ва кейинроқ қўйиб юборилганди. Ҳибсга олиш чоғида унга қарашли компьютер ва дисклар мусодара қилинган, паспорти олиб қўйилган эди.

Адвокат Аброр Юсуповнинг сўзларига кўра, У.Ниёзовага нисбатан очилган маъмурий иш жиноят таркиби йўқлиги сабабли ўтган ҳафта ҳаракатдан тўхтатилган ва унга тегишли ашёларни олиб кетиш сўралган.

Сал аввалроқ “Uznews.net” мухбири Галима Бухорбоева билан суҳбатда У.Ниёзова ўз адвокатининг бу сўзларига ишониб, унинг тузоғига илингани ҳақида айтган.

“Душанба куни соат бешга У.Ниёзова билан учрашув белгилаб, унга нисбатан очилган маъмурий иш тўхтатилгани, паспорт ва ашёларини олиб кетишини билдирган адвокати уни лақиллатгани ва бу тузоқ бўлганини ҳам айтди”, - деди Г.Бухорбоева.

“Uznews.net”да ёзилишича, У.Ниёзова 22 январь куни ҳимоячиси билан учрашувга бораётган пайтда ҳибсга олинган.

Адвокат Аброр Юсупов бу юзадан изоҳ беришни истамади.

У.Ниёзованинг таъкидлашича, адвокатга бошқача хулоса кўрсатилган, аслида ҳозир унга нисбатан бошқа айбловлар кўрсатиляпти.

“Бу ерда бошқа-бошқа хулосалар кўрсатиляпти. Ҳозир гапира олмайман”, - деди Умида Ниёзова.

Хуллас, ҳозир прокуратурада ҳибсда ушлаб турилаётган Умида Ниёзовадан бошқа маълумот олишнинг иложи бўлмади. Транспорт прокуратурасидан ҳам У.Ниёзова иши юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

“Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Умида Ниёзованинг тақдиридан хавотир изҳор қилган. Ташкилотнинг Берлиндаги бўлими раҳбари Умида Ниёзова масаласини Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси билан муҳокама этган.
XS
SM
MD
LG