Линклар

Хусусий тадбиркорлар каттароқ солиқ тўлайдиган бўлди

  • Озодлик

Ўзбекистонда 2007 йилдан бошлаб хусусий тадбиркорлар томонидан фаолият юргизгани учун тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдори ошди. Бу ҳақда “Ўзметроном” сайти маълум қилди.

Эндиликда хусусий бизнес билан шуғулланувчилар, фаолият турининг қандайлигидан қатъий назар, энг кам иш ҳақининг 7,5 баробари миқдорида солиқ тўлайди. Агар хусусий тадбиркор уч турдаги бизнесини рўйхатдан ўтказган бўлса, у ҳолда ягона солиқ пулини ҳам уч баробар кўп тўлайди.

Иқтисодчиларнинг айтишича, ўтган йиллар давомида солиқ солишнинг турли тизими мавжуд бўлиб, ҳар бир тадбиркорга бизнес турига қараб солиқ тўлаш белгиланган эди. Масалан, этикдўз энг кам иш ҳақининг 3,5 баробари, бозордаги сотувчи энг кам иш ҳақининг 4 баробари миқдорида, бошқалар эса ишига қараб солиқ тўлаган.

Кузатувчилар сўзларига кўра, давлат бюджетининг анча озиб қолганидан хавотирга тушган ҳукумат уни семиртиришнинг турли йўлларини қидирмоқда ва шу ҳаракатлар доирасида ягона солиқ ҳажмини оширишга қарор қилган.

Аммо Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-маслаҳат бўлими ходими “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу ҳақда ҳозирча гапиришга ҳожат йўқлигини билдирди.

“Сиз бу ҳақда Интернетдан ўқияпсиз, шекилли. Энди у аҳмоқлик. Январь ойининг ҳисоб-китоби энди бошланяпти. Ҳали ҳеч ким ягона солиқ пулини тўлаб кўргани йўқ. Четда ўтириб олиб гапирса, ишонаверасизми”, - деди солиқ хизмати ходими.

Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди! Энди ҳар бир хусусий тадбиркор 100 минг сўм атрофида ягона солиқ пули тўлаши кераклиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Солиқ хизмати ходими бу борада ҳам тушунтириш берди.

“Алоҳида рўйхат бўлади. Тадбиркорликнинг ҳар бир турига қараб тариф бор. Энг кўп тўлайдиганлар савдо билан шуғулланувчилардир. Аммо ойига энг кам иш ҳақининг 3 баробарини ҳам тўлайдиганлар бор. Айни пайтда бу масала Молия вазирлигида муҳокама қилиниб, йўриқнома ишлаб чиқилмоқда”, - деди у.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров ҳам ягона солиқ тўлови миқдори ошгани ҳақида Интернетдан ўқигани, лекин бу ҳақда аниқ бир гап эшитмаганини айтади.

“Солиқ идоралари ходимлари билан гаплашдим. Улар бу маълумотни тасдиқламади. Бир нарсани айтишим мумкин, бу ставкалар ҳар йили макроиқтисодий натижалари асосида президент фармонига биноан тасдиқланади. Қўлимда 2006 ва 2007 йилдаги ставкалар жадвали турибди. Ҳеч нарса ўзгармаган кўринади”, - деди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Хусусий тадбиркор Саидкарим эса агар ягона солиқ тўлови миқдори ошса, бу бозорда нархларнинг яна кўтарилиши олиб келишини таъкидлади.

“Мол олиб келиб сотаëтганимиз учун ҳам давлат тўлови бор. Энди бунинг устига яна ягона солиқ тўлови қўшилса, нархлар кўтарилиб кетади. Ноқонуний савдо йўлига ўтилади. Чунки қонуний йўл билан ишланса, одамларнинг чўнтаги бу нархларни кўтармайди”, - дейди Саидкарим.
XS
SM
MD
LG