Линклар

Жорж Буш яна танқидга учрамоқда

  • Ҳасанжон

АҚШ пойтахти Вашингтонда 27 январь куни ўн минглаб одам иштирокида Ироқ урушига қарши намойиши ўтказилди. Тадбир қатнашчилари Жорж Буш маъмуриятининг Ироқда юритаётган сиёсатини кескин танқид остига олиб, АҚШ қўшинларини мамлакатга тезроқ қайтаришни талаб қилди.

Вашингтондаги норозилик намойишида иштирок этган ўн минглаб фуқаро ўтган асрнинг 60-йилларда Вьетнам урушига қарши намойишларда кўп марта янграган Жон Ленноннинг “Тинчликка имкон беринг” номли машҳур қўшиғини куйлади.

Намойишчилар АҚШ Конгрессини ҳарбий амалиётларга маблағ ажратишни тўхтатиш орқали Ироқ урушига чек қўйишга чақирди. Намойишда Ироқ уруши ветеранлари ҳам чиқиш қилди.

“Кайфият ўзгаряпти. Бунинг сабаби конгрессмен ва сенаторларимиз ҳушларига келиб, Ироқ урушининг авж олиши нотўғри эканини тушуниб етганидан эмас, балки уларга буни сиз айтаётганингиздадир. Уларга сизларнинг вакилингиз бўлса, урушга чек қўйишни, чунки бу самара бермаётганини айтяпсиз. Тамом, биз ютқаздик. Ғалабага эришиб бўлмас урушда мантиқсиз қон тўкилиши ва кўпроқ аскар нобуд бўлишидан қўшинларимизни сақлаб қолиш учун уларни тезроқ ватанга қайтариш керак. Буни фақат сиз амалга ошира оласиз”, - деди намойиш қатнашчилари олдида чиқиш қилган Вьетнам уруши ветеранларидан бири.

Вашингтонда ўтказилган норозилик намойишида турли соҳа вакиллари қатнашди. Улар орасида Вьетнам урушига қарши намойишларда иштирок этган таниқли актриса Жейн Фонда ҳам бор эди. Шанба кунги намойишда чиқиш қилган Ҳолливуд юлдузи Шон Пенн эса йиғилганларга қарата: “Кўпчилигимиз қўрқинчдан бошқа нарсадан қўрқмайдиган вақтлар бўлганини яхши эслаймиз. Аммо ҳозирги президентимиз: “Қўрқинг, қўрқинг ва яна кўпроқ қўрқинг”,- деяпти. Биз қўрқмаймиз. Биз ҳокимият тепасидагиларга демократияда қарор қабул қиладиганлар биз эканимизни эслатиб қўймоқчимиз Буни бутун дунёга ҳам кўсатиб қўймоқчимиз”, - деди.

Бироқ президент Жорж Буш Ироқдаги исёнлар ҳисобга олинса, ҳозир АҚШ қўшинларни у ердан олиб чиқишнинг фурсати эмас, деган фикрда.

26 январь куни Оқ уйда Ироққа қўшимча 20 минг аскар жўнатиш ҳақида гапирган президент: “Конгрессда кўпчилик Ироқда муваффақиятсизликка учраш АҚШ учун фожеавий бўлиши мумкин, деган фикрга келганини билдим. Шу боис, менинг вазифам фожеанинг олдини олиш учун лозим бўлган қарорни қабул қилишдир”, – деди.

АҚШ Конгресси аъзолари Ироқ урушини танқид қилаётган бўлса-да, ҳозиргача ҳарбий амалиётлар учун маблағ ажратишни тўхтатгани йўқ. Аммо Конгресснинг саноқли аъзоларигина буни талаб қилмоқда.

АҚШнинг ўзида Ироқ урушига қарши норозиликлар кучайиб бораётган бир пайтда 25 январь куни бу мамлакатда америкалик яна 7 ҳарбий ўлгани маълум бўлди. Бу билан 2003 март ойида АҚШ Ироққа бостириб киргандан бери нобуд бўлган Америка ҳарбийлари сони 3 минг 68 тага етди.
XS
SM
MD
LG