Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:56

Ўзбекистонликлар учун қирғиз бозорлари ҳам ёпилади


Қирғизистон ҳукумати хорижлик савдогарларнинг мамлакат бозорларида фаолият кўрсатишини тақиқловчи қарорни эълон қилди. Унга кўра, 2007 йил 1 апрелдан бошлаб қирғиз бозорларидан хориж фуқаролари ҳайдаб чиқарилади.

Марказий Осиёдаги Қорасув бозорида 15 минг савдо ўрни бўлиб, уларнинг уч мингга яқини хорижлик савдогарларга, асосан, хитойлар, уйғурларга тегишлидир. Улар орасида ўзбекистонлик савдогарлар ҳам йўқ эмас.

Донохон Исроилова Қорасув бозорида савдо ўрнига эга бўлган ўзбекистонлик юзга яқин савдогардан бири. У Қирғизистон ҳукуматининг хорижлик савдогарлар фаолиятини чекловчи қароридан тушкунликка тушганини айтди.

“Бу бозорда, асосан, Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда яшайдиган ўзбекистонликлар савдо қилади. Ўзбекистоннинг ичкарисидан - Тошкент ёки Андижондан келиб савдо қиладиганлар йўқ. Биз чегара ҳудудида яшаганимиз учун қирғизистонликлар билан қуда-анда бўлиб кетганмиз. Назаримда, бу қарор ана шу қуда-андачиликни ҳисобга олмай ишлаб чиқилган”, - дейди Д.Исроилова.

Д.Исроилова қарор кучга киргандан сўнг Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур бўладиган хорижлик 5 минг савдогардан бири. Лекин Қирғизистон ҳукуматининг бу қарори нафақат хорижлик савдогарлар, балки маҳаллий аҳолини ҳам ташвишга солиб қўйди. Гап шундаки, қорасувликларнинг кўпчилиги хорижлик савдогарларга уйини ижарага бериб, тирикчилик ўтказади.

“Хорижлик савдогарларга уйларимизни, омборларимизни ижарага берамиз. Улар ойига ўрта ҳисобда 150-200 доллар ҳақ тўлайди. Ана шу ижара пули билан тирикчилигимизни ўтказамиз. Бу қарор кучга кириб, хорижлик савдогарлар ҳайдаб чиқарилса, оч қоламиз. Чунки бизнинг ягона тирикчилик манбаимиз мана шу ижара пули эди”, - дейди уйини ижара берувчи Салтанатхон Маҳкамова.

Қирғизистон ҳукуматининг бу қарори қорасувлик маҳаллий савдогарлар томонидан ҳам бир хилда қабул қилингани йўқ.

29 январь куни Қорасув бозори олдида қирғизистонлик юздан ортиқ савдогар ҳукуматнинг бу қарорини қўллаб митинг ўтказди. Уларнинг сўзларига кўра, асосан, хитойлик тужжорлар маҳаллий савдогарларнинг ашаддий рақобатчисидир. Бу рақобатда хитойлик савдогарлар ғолиб келиб, маҳаллийлар синиб қолмоқда.

Савдогарларнинг бошқа бир гуруҳи хорижлик савдогарлар маҳаллий аҳолининг мингга яқинини иш билан таъминлаётганини айтиб, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлайди.

“Бошқа юртдан келган савдогарни ҳайдаб чиқарсак, бизнинг савдомиз юришади, деб ўйлаш иқтисодни нотўғри тушунишдандир. Бу қарорни нотўғри, деб ўйлайман. Чунки савдо рақобат кучли бўлган жойдагина ривожланади. Хорижлик тужжорлар каби рақобатбардош бўлиши учун ҳукумат маҳаллий савдогарларга имтиёзлар яратиб бериши зарур эди. Шундагина рақобатга чидай олмаган хорижлик ўз-ўзидан бу ерни тарк этган бўларди. Ҳозирги қарор эса фақат нархларнинг кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин”, - дейди қорасувлик савдогар Аюбхон Шомаҳмудов.

Ўш вилояти милицияси вилоят ҳокимлиги билан биргаликда Қирғизистон ҳукуматининг бу қарорини амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда. Вилоят милицияси матбуот котиби Жениш Аширбоевнинг айтишича, қарор маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш мақсадини кўзлаган.

“Қорасув бозоридаги аравакашлар ҳам бошқа мамлакатларнинг фуқаролари. Бу ерда хорижлик савдогарлар ҳам жуда кўп. Биринчи навбатда, Қорасув бозорида бошқа мамлакатлардан келиб аравакашлик қилаётганларнинг, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида ишлаётган хорижликларнинг иш ўрнини маҳаллий аҳолига олиб бериш назарда тутилмоқда. Хорижлик савдогарларни ҳайдаб чиқармоқчи эмасмиз. Уларга қўйиладиган талабимиз мана бундай: Марҳамат, маҳсулотларингизни олиб келинг, лекин уларни сотиш учун савдо шаҳобчаларингизга маҳаллий аҳолидан сотувчилар олинг, яъни маҳаллий аҳолини иш билан таъминланг”, - деди Ж.Аширбоев.
XS
SM
MD
LG