Линклар

logo-print

Халқаро ташкилотлар Умидани ташлаб қўймайди


Халқаро ташкилотлар устидан жиноят иши очилиб, айни пайтда ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова ҳимояси учун ҳаракатлар бошлади.

Шу пайтгача Ўзбекистон транспорт прокуратурасида ҳисбда ушлаб турилган У.Ниёзова якшанба куни “Тоштурма”га ўтказилгани маълум бўлди.




29 январь куни эса ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Суҳроб Исмоилов, Абдураҳмон Ташанов ва Аъзам Турғунов адвокат ҳамроҳлигида У.Ниëзовани тергов қилаëтган транспорт прокуратураси терговчиси билан учрашишга уринди.

“Транспорт прокуратурасига бордик ва терговчи Улуғбек Ортиқов билан учрашдик ҳамда уч киши жамоатчи вакил сифатида қатнашиш учун ариза бердик. Бугун маълум бўлган янгиликлардан бири шуки, дастлабки тергов жараёнлари ва унга қўйилаётган айбловларнинг жиддийлиги яна ҳам аёнлашди. Умида диний экстремизм, фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, акрамийлик оқимини қўллаб-қувватлаш кабилар бўйича гумонланувчи тариқасида сўроқларга жалб қилинган. “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти эса У.Ниёзова масаласи бўйича йиғилиш ўтказди. Жамият марказий бошқаруви қарори билан икки фаолимиз У.Ниёзованинг ҳимояси учун бири адвокат, бири эса жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашадиган бўлди”, - деди А.Ташанов “Озодлик” билан суҳбатда.

У.Ниëзова билан бирга ишлаган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз сафдоши тақдирига бефарқ қола олмасликларини айтмоқда.

“Албатта, бундай ҳолатларни биз ҳам қоралаймиз. Бу борадаги фикрларимизни, норозиликларимизни Интернет орқали маълум қилмоқдамиз”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли.

29 январь куни ўз атрофига олтмишдан ортиқ ташкилотни бирлаштиргани айтилаëтган Ўзбекистон Миллий нажот қўмитаси Умида Ниëзованинг қамоққа олиниши юзасидан баëнот тарқатди. Баëнотга “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ имзо чеккан.

М.Солиҳнинг таъкидлашича, У.Ниëзованинг ҳибсга олиниши мамлакатда президент сайлови олдидан бошланган тозалашнинг дебочасидир.

“Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳукумати шу йил бўлиши мўлжалланган сайлов олдидан мамлакатда қолган ҳур фикрли инсонларни ҳам изолация қилиш кампаниясини бошлади. У.Ниёзованинг ҳибсга олиниши ўша кампаниянинг бошланғич босқичи, дейиш мумкин”, - дейди М.Солиҳ.

Унинг фикрича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик андишасида Ғарб, хусусан, Германия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишларини кўриб кўрмасликка олмоқда.

“У.Ниёзовадан олдин Гулбаҳор Тўраева ҳибсга олинди. Ундан олдинроқ “Эрк” партияси фаоли Исроил Холдоров ўғирлаб кетилди. Европа Иттифоқи, Европа парламенти, БМТ қачонгача бу воқеаларга жим қараб туради, деган савол туғилади”, - деди М.Солиҳ.

Аммо германиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эккеҳард Маас бошқача фикрда.

“Мен Германия ҳукумати диктатурани қўллаяпти, демаган бўлар эдим. Шунга интилаëтган баъзи гуруҳлар бор, холос. Ҳозир бу масала долзарб эмас. Муҳим масала - ҳозир қамоқда қолаëтган У.Ниëзовани озод қилиш. Ҳозир биз барча тизимларни ишга солиб, Умидани ҳимоя қилишга киришдик”, - деди Э.Маас.

У ташқи сиëсат билан шуғулланаëтган сиëсатчилар, бундестаг депутатлари ва нафақат Германия, балки ЕИдаги барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу масалага жалб қилинаётганини билдирди.

Э.Маас У.Ниëзовани шахсан таниши ва қадрлашини маълум қилди.

“Мен Умида билан учрашганман, уни танийман. Шу боис ҳам мен унинг қамоққа олинганига жуда ачиняпман. Ўзбекистондаги қамоқхона нималигини яхши билганим учун ҳам унга ачиняпман. Ҳозир барчамиз жипслашиб, Умидани қутқаришимиз керак”, - деди Э.Масс.

Сал аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бирининг Германиядаги вакиласи Мариана Ҳуваген “Озодлик” мухбири билан суҳбатда У.Ниëзованинг қамалиши юзасидан хавотир билдирган эди.

“22 январь куни ҳибсга олинган таржимонимиз У.Ниёзова тақдиридан хавотирдамиз. “Ҳьюман райтс уотч” вакиллари Ўзбекистон расмийлари билан учрашгандан бир неча кун ўтиб унинг ҳибсга олиниши бизни ҳайрон қолдирмоқда. Дастлабки бир неча кун давомида унинг қаердалиги сир сақлангани ҳам таажжубли ҳолдир. Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ҳақида бераётган ваъдалари ЕИга раислик қилаётган Германия ҳукумати олдида ўзини яхши кўрсатиш учун айтилаётган қуруқ гаплар бўлиб қолмаслигига умид қилмоқдамиз. Биласиз, келаси ойда ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий қилинган санкцияларни кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқади. Европа расмийлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаолларининг вазиятини яхшилаш борасида муайян чораларни амалга ошириши, хусусан, У.Ниёзова билан боғлиқ воқеани жиддий кўриб чиқишига умид қилмоқдамиз”, - деди М.Ҳуваген.

“Чегара билмас мухбирлар”, “Халқаро амнистия” ташкилотлари ва Халқаро ПЕН-клуб ҳам У.Ниëзованинг ҳибсга олиниши юзасидан хавотир изҳор этган.

32 ёшли ҳуқуқ ҳимоячи ва журналист У.Ниёзова 21 декабрь куни Бишкекдан қайтаётиб, Тошкент аэропортида ҳибсга олинган, компьютер ва дисклари, паспорти олиб қўйилиб, кейин қўйиб юборилган эди. Кейинроқ эса у ўз адвокати билан учрашувга бораётиб ҳибсга олинганди.
XS
SM
MD
LG