Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:54

“Тужжор” дипломатлар ёки халқни алдашдан ким манфаатдор?


Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатлари муайян нашрларда ўз мамлакатида амалда оширилаётган иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар ҳақида мақтовли мақолалар уюштириш билан шуғулланаётгани маълум бўлмоқда.

Куни-кеча “Российская Федерация сегодня” журнали Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт йўлига оид мақола эълон қилди. Унда 15 йил аввал президент Ислом Каримов томонидан белгиланган ва 5 та асосий омилга асосланган узоқ муддатли ривожланиш модели бугун Ўзбекистоннинг тўғри иқтисодий йўлдан кетаëтганини кўрсатаётгани айтилади.

Журналдаги мақоладан келиб чиқадиган асосий хулоса – И.Каримов танлаган иқтисодий йўналиш туфайли бугун Ўзбекистон тўғри йўлдан кетмоқда, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли даромадида барқарор ўсиш кузатилмоқда, олтин-валюта захиралари тобора ортиб бораётгани мамлакатнинг ташқи қарзлардан деярли қутулишига имкон бермоқда.

Сўнгги пайтларда хориждаги бир неча нашрлар Ўзбекистон ҳақида ана шундай мақтовли материаллар чоп этди. Жумладан, сал аввалроқ Ҳиндистондаги бир нашр ҳам Ўзбекистон ҳақида худди шундай тўлиб-тошиб ёзган эди. Араб нашрларида ҳам бу каби мақолалар кўзга ташланиб қолди.

Мамлакат ташқариси ва ичкарисидаги кузатувчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий вазияти, мамлакат аҳолисининг абгор аҳволи ҳақида куюниб гапираётган бир пайтда реалликни алвон рангларда тасвирловчи бундай мақолаларнинг пайдо бўлиши ортида кимлар ва нима мақсад ётгани кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Ўзбекистоннинг ўзига хос дипломатияси билан таниш бўлган кузатувчилар ва таҳлилчилар бу мақолалар ортида мамлакатнинг хориждаги элчихоналари турганини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, хориж нашрлари бу каби мақолаларни тижорий мақсадда чоп этади ва жарақ-жарақ пул ишлайди. Пулни, албатта, Ўзбекистон томони ёки ҳукуматнинг бирорта шотири тўлайди. Кейинчалик эса бу мақолалар гўёки Ўзбекистоннинг юксак ютуқлари хорижда ҳам эътироф этилаётгани белгиси сифатида мамлакат маҳаллий нашрлари томонидан кўчириб босилади.

Кузатувчилар Ўзбекистон ташқи дипломатиясининг “тижорий” ютуқларидан бири бўлган бундай кўзбўямачилик халқни алдашнинг кўпдан бери қўлланиб келинаётган усули эканини айтаётир.

“Озодлик” мухбири, аввало, бу каби шубҳаларга ойдинлик киритиш учун “РФ сегодня” журналига қўнғироқ қилди. Журнал ходимаси бу мақола буюртма эканини тасдиқлади, лекин унинг пули ким томонидан тўланганига ойдинлик киритишни истамади.

“Бу пул тўлаб нашр этилган материал. Бизнинг бош муҳарриримиз Леонид Алиевич яқинда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси билан интервью уюштирган эди. Менимча, у ëзган бу мақолани“, - деди журнал бош муҳаррирининг котибаси.

Котиба оғзидан чиққан бу гапни тасдиқлатиб олиш учун “Озодлик” мухбири журнал бош муҳаррири Леонид Алиевичнинг ўзига сим қоқди. Ундан журналда чоп этилган рақамлар текширилганми, айрим кузатувчилар бу рақамлар бўрттириб берилганини таъкидламоқда, деб сўралганида у: “Ҳар кимнинг ўз фикри бор. Агар ҳар куни тепаверсанг туя ҳам эшак бўлиб қолади. Бу етмади, униси етмади, дейиш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳақиқатдан ҳам камчилик кўп. Вазир ўз фикрига эга, ҳайдовчи ва ҳисобчининг ҳам ўз фикри бор”, - деди.

Журналдаги бу мақола буюртма (тижорий) экани ҳақида шубҳалар борлиги ҳақида ҳам бош муҳаррир изоҳ берди.

“Журналимизни ўқиган одам бундай дея олмайди. Ўзбекистонда мухбиримиз бўлмаса, бировдан мақола ëзиб беришни сўрай олмаймиз. Бизга шу мақолани олиб келган одамга уни кўриб чиқишимиз, маъқул бўлса босишимизни айтганмиз. Кўриб чиқдик, ëмон эмас”, - деди “РФ сегодня” журнали бош муҳаррири.

Леонид Алиевич нафақат бу мақолани унга Ўзбекистон элчихонаси вакиллари берган бўлиши мумкинлигини, балки ўзбек элчиси билан учрашганини ҳам рад этди.

Шундан сўнг “Озодлик” мухбири Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси бу мақола тайёрланишига қай даражада алоқадор эканини ўрганишга уринди. Элчихона матбуот котиби Олег Шатуновский журналда чиққан бу мақола Ўзбекистон ҳукуматининг буюртмаси эканини инкор қилди.

“Бу буюртма эмас. Биз у қадар бой эмасмизки, бундай мақолаларнинг чоп этилишига пул тўласак. Биз таҳририятга Вазирлар Маҳкамаси ва Халқаро валюта жамғармаси ҳамкорликда тайёрлаган пресс-релиз ва яна айрим статистик маълумотларни берган эдик, холос”, - деди Олег Шатуновский.

Мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида анча йиллар ишлаган, шунинг учун у ердаги қонун-қоидалар билан яқиндан таниш.

“Ҳозир Ўзбекистон раҳбариятининг аҳволи анча ëмонлашиб қолган. Чунки мамлакатда иқтисодий ўсиш йўқ,- дейди Т.Йўлдошев. - Ижтимоий аҳвол таранг. Бошқа мамлакатлар, хусусан, қўшни давлатлар билан алоқалар яхши эмас. Мамлакат интеграция жараëнларида иштирок этмаяпти. Шу сабабли кўпгина танқидларга дуч келиняпти. Ташқаридан бўлаëтган ахборот ва бошқа турдаги босимларга баланс яратиш мақсадида ҳукумат вакиллари маълум бир газета-журналлар раҳбарияти билан боғланиб, улардан реклама сифатида жой олиб, қўлига яхшигина пул бериб, ўзларига маъқул бўлган мақолаларни чиқаради. Кейин эса таҳририят раҳбарларидан мақола ҳақида маълумот сўраган одамларга бу ўзларининг шахсий фикри эканини айтишни сўрайди”.

Кейинги кунлар ичида Ўзбекистон ҳақида бир неча мақтовли, вазият оғиз кўпиртириб тасвирланган мақолалар чиққанини кузатувчилар “тужжор” дипломатларнинг мамлакат президенти Ислом Каримовнинг 30 январь куни нишонланадиган туғилган кунига совғаси ўлароқ баҳоламоқда.
XS
SM
MD
LG