Линклар

logo-print

Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро семинарга нега бора олмади?


Куни-кеча Туркияда ўтказилган халқаро семинар-тренингда Ўзбекистондан таклиф этилган 12 инсон ҳуқуқлари ҳимоячисидан етти нафаригина қатнаша олди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаров ҳам Туркиядаги халқаро семинарга таклиф қилинганди. Лекин Аҳмаджон Мадумаров бу сафарга бора олмади.

“Туркияга виза олдим. Буни билишгач, жуда қаттиқ назоратга олишди. Орқамдан кеча-кундуз машинада юриб пойлоқчилик қилишди. Мени шаҳар ички ишлар милицияси бошлиғи чақирди. Бордим. Мендан чиқиш визам борми-йўқлигини сўради. Борлигини айтдим. У паспортимни кўрмоқчи эканини айтиб, олиб қўйди. Эртага қайтариб беришни ваъда қилди. Лекин турли баҳоналар билан паспортимни қайтириб беришмади”, - дейди А.Мадумаров.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Бахтиёр Ҳамроев билан Елена Урлаева эса чиқиш визаси йўқлиги сабабли Туркияга бора олмади.

Б.Ҳамроев ўзига чиқиш визаси ҳеч қачон берилмаслигини айтади.

“Биламанки, менга чиқиш визаси беришмайди. Биринчидан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаман. Иккинчидан, ўғлим қамоқхонада ётибди”, - дейди Б.Ҳамроев.

Тошкент вилоятида яшовчи инсон ҳуқуқлари фаоли Улуғбек Усмонов ҳам чиқиш визасини ололмаган.

“Менга Туркия сафарига Тошкент вилояти ИИБнинг хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бўлими рухсат бермади. Ҳалигача ҳужжатларимни қайтиб беришмади. Булар ҳужжатларни МХХга жўнатар экан. Агар улардан ижобий жавоб келмаса, чиқиш визаси беришмас экан. Менимча, инсон ҳуқуқлари фаоли бўлганим учун улар менга виза беришмади. Бу атайин қилинган. Инсон ҳуқуқлари фаолларини чет элга чиқазмаслик уларга босим ўтказиш ниятида қилинаётган нарса, деб ўйлайман”, - деди У.Усмонов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг таъкидлашича, кейинги пайтда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистлар, шунингдек, эркин фикрловчи бир қанча шахсларни ўз таркибига олган “қора рўйхат” тузилган ва бу рўйхатдаги шахслар чиқиш визаси ололмайди.

“Ички ишлар бўлимларида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг анкетаси бор. Буни “қора рўйхат”, дейиш мумкин. ИИБ раҳбарлари билан гаплашганимда улар бу рўйхат юқори ташкилотлардан келгани, номи унга тушганларга юқоридан рухсат бўлсагина чиқиш визаси берилиши мумкинлигини айтди”, - дейди С.Икромов.

“Озодлик” мухбири айнан шу масалага ойдинлик киритиш учун Тошкент вилояти ИИБ хорижга чиқиш, келиш ва қайддан ўтиш бўлимига қўнғироқ қилди.

“Улуғбек Усмоновми? Назоратда бўлсалар керакда. Биз бундайларга бера олмаймиз”, - деган жавоб олинди бўлимдагилардан.

Туркиядаги семинарга самарқандлик инсон ҳуқуқлари фаоли, 63 ёшли адвокат Салима Қодирова ҳам таклиф қилинганди. Лекин у ҳам сафардан маҳрум бўлди.

“Мен бунинг сабаби ҳақида сизга телефон орқали ҳеч қандай маълумот бера олмайман. Мени тушининг. Бу ҳақда гапира олмайман....”, - деди “Озодлик” билан суҳбатлашган С.Қодирова.

С.Қодирова айтишни истамаган ҳақиқатни Суръат Икромов маълум қилди.

“Ҳақиқатдан ҳам Туркиядаги семинарга борувчилар рўйхатида Салима Қодирова ҳам бор эди. Лекин бу аёлга Самарқандда номаълум кимсалар ҳужум қилиб, уни дўппослаган ва сумкасини ўғирлаб кетган. Сумкада паспорти билан самолётга билети бўлган”, - деди С.Икромов.

Истанбул шаҳрида ўтган семинарда қатнашган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари компьютер технологиялари бўйича таълим олган.
XS
SM
MD
LG