Линклар

Оддий одам 4 та товуқ ўғирласа қамалали, ҳоким миллион доллар ўғирласа...

  • Сарвар Усмон

“Uznews.net” сайтининг баъзи манбалардан олинган маълумотларга таяниб ёзишича, Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қобилжон Обидов бир йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Маълум бўлишича, Қ.Обидов 2005 йилги май воқеаларини уюштиришда айбланган.

Қ.Обидов Ўзбекистонда судланган ягона юқори лавозимли мулозим эмас.

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Козим Тўлаганов, собиқ мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Давлат мулки қўмитасининг собиқ раиси Ўктам Исмоилов...

Сўнгги бир-икки йил ичида судланган юқори лавозимли ўзбекистонликларнинг мазкур рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Тилга олинганлар учун муштарак бўлган бир жиҳат бор: уларнинг ҳаммасига шартли қамоқ жазоси белгиланган.

Собиқ мудофаа вазири Қ.Ғуломов “махфий маълумотларни чет давлатга берганликда”, яъни ватанга хиёнат қилишда айбланиб 2006 йилнинг ёзида 5 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган эди.

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими К.Тўлаганов давлатга жуда катта миқдорда моддий зарар етказишда айбланиб 2006 йилнинг кузида
20 йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм этилганди (Uzmetronom.com).

Хабарларга кўра, К.Тўлаганов оз эмас-кўп эмас, 1 миллион 300 минг долларнигина “еб қўйган” ва шу пулни давлатга қайтарган.

Ҳисоблаб чиқса бўлади: 1 миллион 300 минг доллар ўзбекистонлик тахминан 50 минг ўқитувчининг бир ойлик маоши. Ёки бу пул битта ўқитувчига 50 минг ойга ёхуд 4166 йилга етган бўлар эди.

Шунча пулни еб қўйган мулозим бир кун ҳам баланда ичмади.

Қонун олдида қорни катта мулозим ва оддий фуқаро қай даражада тенг эканини ўзбек қамоқхонасида “туз татиган” ёзувчи Сафар Бекжоннинг қуйидаги ҳикоясидан билиб олиш мумкин.

“90-йилларнинг бошида Фарғона вилоятидан Тошкентга пул ишлаш учун келган йигитлар Қишлоқ хўжалиги институти яқинидаги новвойхонада ишлаб турган. Бир куни ишдан кейин лимонарий ёнидан ўтаётиб кўзлари пишиб ётган лимонларга тушади ва йигитлардан бири тўртта лимон ўғирлайди. Шу 4 лимон учун 4 йилга қамаб юборадилар уни. Мен битта зонада ўтирганман ўша йигит билан”, - дейди Сафар Бекжон.

Нафақат лимон, балки 4 та товуқ учун ҳам бир неча йил ўтирадилар Ўзбекистонда.

“Отаси ўлган, онаси фаррошлик қиладиган 16 яшар Азимов Сарвар қўшнисининг 4 та товуғини ўғирлаб қўлга тушиб қолади, - деб ҳикоя қилади ўзбекистонлик адвокат Лариса Конакова. - Милиция ходими ишни бости-бости қилиб юбориш учун Сарварнинг онасидан 1000 доллар пора талаб қилади. Қозонини зўрға қайнатаётган она, табиийки, бунча пулни топиб бера олмайди ва Сарвар 4 та товуқ учун 4 йилга қамалиб кетади. Энг алам қиладигани, Сарварнинг оиласи ўша товуқларни ейишга ҳам улгурмаган, қўшни ўша заҳотиёқ товуқларини қайтариб олиб чиқиб кетган эди”.

Демак, бугунги Ўзбекистонда тўртта товуқ ёки тўртта лимон учун 4 йилга кесилиб кетиш мумкин, лекин бир миллион долларни еб қўйсангиз қамалмай юраверасиз. Суд излаб топиб, бўйнингизга қўйган суммани давлатга қайтариб берсангиз бўлди, топа олмаганини еб юраверасиз.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова куни-кеча “Озодлик” саволларига жавоб бера туриб: “У ёки бу шахс иқтисодий жиноят содир этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда бундай шахсларга нисбатан суд озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлламайди. Бу ҳам ғамхўрлик, бу ҳам инсонпарварлик, бу ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижаси, бу Ўзбекистонда демократия ривожланаётгани белгисидир”, - деган эди.

Шу тобда чет элда яшаётган адвокат Лариса Конакова Бош прокуратура вакили айтаётган меъёр қабул қилинган кунларни эслаб: “Кўнглингга сиққанича ўғирлайвер, қайтариб берсанг бўлди, ҳеч қандай жазо олмайсан, деб биз юристлар кулган эдик”, - дейди.

Бас шундай экан, нима учун 4 та лимон ўғирлаган оддий ўзбекистонликни лимоннинг чақасини тўлатиб, қўйиб юборилмайди, 4 йилга қамаладию бир миллион уч юз минг доллар ўғирлаган ҳоким уйига қўйиб юборилади?

Давлат сирини чет элга сотган, демакки, ватан хоини мудофаа вазири турмада бир кун ҳам ўтирмайдию ёнидан битта варақа чиққан оддий ўзбекистонлик конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб 19 йилга қамалиб кетаверади?

Бу саволнинг жавобини топдик, деган иддао йўқ. Лекин ёзувчи Сафар Бекжоннинг бу ҳақда айтганлари мазкур бу саволга жавоб бўлар:

“Кўр кўрни қоронғида топади, деган гап бор. Судлаётган ҳам, судга берган ҳам, жазолашни сўраган ҳам бир-бировини шу тарзда ҳимоялашга мажбур. Эртага мен бунча ўмарганда бунча берувдинг, сен бунча ўмариб, шунча ўтирибсанми, деб ичкарида (қамоқда-С.У.) туриб талаб қилишлари мумкин. Вақти келганда бундай ишлар учун жавоб беришга тўғри келишини яхши билишади”.
XS
SM
MD
LG