Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

Умидага қўйилган айблар сиёсий тус олмоқда


Шу йилнинг 22 январида Тошкентда ҳибсга олинган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзовага қўйилган айблар тобора сиёсий тус олмоқда.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон транспорт прокуратураси томонидан У.Ниёзовага жамоатчилик хавфсизлигига зиён келтирувчи экстремистик руҳдаги материалларни йиғиш ва тарқатиш, шунингдек, акрамийлар гуруҳига алоқадорлик каби бир неча янги сиёсий айблар қўйилган.

Адвокат Аброр Юсупов Умидага нисбатан акрамийлик оқимига дахлдор тақиқланган адабиëтларни тарқатиш айби қўйилаётганини тасдиқлади. Шунингдек, Умида бу адабиётларни контрабанда йўли билан олиб ўтишга уринишда ҳам айбланмоқда.

Адвокатнинг айтишича, У.Ниёзованинг ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан мусодара қилинган компьютерида 2005 йил май ойида содир бўлган қонли воқеаларга оид, хусусан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Андижон қатлиоми юзасидан ҳисоботлари, воқеа гувоҳлари, қурбонларидан олинган интервьюлар бўлган. Шу асосда прокуратура Умида акрамийлик диний гуруҳига алоқадор ва Андижон қирғини тўғрисидаги ҳукумат томонидан тақиқланган материалларни тарқатмоқда, деган хулосага келган.

Қизиғи шундаки, адвокат бу маълумотларни 30 январь куни айтмоқда. 26 январь кунги интервьюда эса у бу маълумотни сир сақлаган эди.

Айни пайтда Умида Ниëзова транспорт прокуратураси ҳибсхонасидан Тошкентдаги биринчи рақамли тергов ҳибсхонасига (Тоштурма) олиб ўтилган.

Журналист Абдураҳмон Ташанов сўнгги бир йил давомида Умида доимо кузатув остида бўлгани, номи “Вестерн юнион” пул ўтказиш тизимидан пул ола олмайдиганларнинг “қора рўйхати”га тиркалганини билдирди.

Париждаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси вакиласи Надежда Отаеванинг сўзларига кўра, Европадаги 15 дан ортиқ ташкилот У.Ниëзова ҳимояси учун мувофиқлашган тарзда кураш олиб бормоқда.

“Уюшмамиз 26 январдан бери У.Ниëзова ҳимоясига тадбир ўтказмоқда. Бизнинг атрофимизга бирлашган 15 дан ортиқ ташкилот ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиларига, шунингдек, Ўзбекистон мулозимларига У.Ниëзова озод қилинишини сўраб талабномалар билан чиқди”, - деди Н.Отаева.

Айни пайтда “Халқаро амнистия”, Халқаро ПЕН-клуб, “Чегара билмас мухбирлар”, Россия экстремал журналистика маркази каби ташкилотлар Умида Ниëзова ҳимоясига отланган.
XS
SM
MD
LG