Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:51

АҚШ Афғонистонда кўкнори ҳосили ошишидан манфаатдор...ми?


Сўнгги йилларда Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми тобора ошаётгани АҚШ бу мамлакатда гиёҳвандлик моддалари ишлаб чиқариш камайишидан манфаатдор эмас, деган фикрларга сабаб бўляпти.

Чунки АҚШ бу мамлакатга қўшин киритганидан буён кўкнори етиштириш камайиш ўрнига тобора кўпайиб боряпти. Афғонистонда халқаро терроризмга қарши кураш олиб бораётган давлатларнинг ёрдамига қарамай, Кобул ҳукуматининг наркотикларга қарши тадбирлари самара бермаяпти.

БМТнинг Наркотикларга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси матбуот вакили Ричард Мурфи сўзларига кўра, 2006 йилда Афғонистонда кўкнори етиштириш 50 фоиз кўпайиб, 6100 тоннани ташкил этган.

Ана шу ўсишдан келиб чиқиб, АҚШ Афғонистоннинг наркотиклар ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги етакчи давлат бўлиб қолишидан манфаатдор, дегувчилар ҳам учрамоқда. Хусусан, “www.c-asia.org” сайтида эълон қилинган мақола муаллифи Андрей Скрябин Афғонистонда наркотиклар қанча кўп етиштирилса, унга барҳам беришда Кобул ҳукумати шунча кўп ёрдамга муҳтож бўлади ва шу баҳона Америка ўзининг азалий рақиби бўлган Россия ва Хитой чегарасига яқин Афғонистонга мустаҳкам жойлашиб олади, дея фикр билдирган.

Аммо ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев бу фикрда асос йўқлигини айтади.

“Афғонистонда Американинг наркотикларга қизиқиши бор ёки у ерга жойлашиб олмоқчи, деган фикрга тамомила қўшилиш мумкин эмас. Афғонистонда тинч ҳукумат ўрнатилса ва тараққиёт йўлга қўйилса, табиийки, у ерда Американинг ҳарбий базаси ҳам қолиши мумкин. Афғонистон Америка билан дўст мамлакатга айланиши мумкин. Бу эса Американинг стратегик манфаатларига хизмат қилади”, - дейди К.Алиев.

Ўтган йили, айниқса, Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятларида кўкнори ўстириш кўпайган. БМТнинг Наркотикларга қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш идораси вакили Ричард Мурфи бунинг сабабини изоҳлар экан: “Бу минтақада исёнчилар фаолияти кучайиб, қонунсизлик юзага келгани боис, Кобул ҳукумати аввалги йиллардаги каби наркотикларга қарши етарлича чора кўра олмади. Бундан ташқари, Афғонистон расмийлари орасида коррупция кенг тарқалгани ва айрим расмийларнинг наркотиклар савдосига бевосита алоқадорлиги ҳам мамлакатда кўкнори етиштириш кўпайишига сабаб бўляпти. БМТ Кобул ҳукуматини бундай расмийларга қарши кескин чора кўришга чақириб келмоқда”, - деди.

Комрон Алиев эса сўнгги йилларда Афғонистонда наркотиклар кўпайишига мамлакатда юзага келган оғир иқтисодий-ижтимоий вазият сабабчи эканини билдирди.

“Афғонистонда кўкнори экиш толиблар пайтида камайтирилган эди. “Толибон” ҳаракати қаттиқ чоралар кўриш орқали кўкнори экиладиган майдонларни қарийб ўн баробар камайтиришга муваффақ бўлган эди. Ҳозир у ерда фуқаролар уруши давом этмоқда, аҳоли иш билан таъминланмаган, маошлар кам. Шунинг учун кўкнори экиш эркинроқ йўлга қўйиб қўйилган, чунки халқни қандайдир йўллар билан боқиш керак, бюджетга пул тушиши керак”, - дейди Комрон Алиев.

Ричард Мурфи Афғонистонда наркотиклар кўпайишидан на Афғонистон, на минтақа давлатлари ва на халқаро жамоатчилик манфаатдор эканини таъкидлади.

“Менимча, Афғонистонда кўкнори етиштириш камайишидан барча давлатлар манфаатдор. Чунки наркотиклар савдоси, аввало, Афғонистон ва минтақа давлатларига, қолаверса, афғон наркотиклари истеъмол қилинаётган давлатларга салбий таъсир этмоқда. Менимча, халқаро миқёсда наркотиклар савдосига қарши курашда барча давлат ҳамкорлик қилиши керак”, – деди БМТ расмийси.

Айни пайтда Афғонистон ҳукумати мамлакатдаги кўкнори ҳосилининг 10 фоизи етиштирилаётган Ҳилманд вилоятида кўкнори ўстирилишига қарши янги кампания бошланганини маълум қилди. Ҳилманд вилояти ҳокими Асадулло Вафо мазкур кампанияни амалга ошираётган 600 афғон полициячиси ва ҳарбийларини НАТО аскарлари қўллаб-қувватлаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG