Линклар

logo-print

Ўзбекистон яна тайёр эмас...

  • Ҳурмат Бобожон

Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти бош котиби ўринбосари Серик Примбетов Ўзбекистон ташкилот ҳужжатларини белгиланган муддатда имзолашга қодир эмаслиги ҳақида маълум қилди.

Ташкилотнинг Олмаота шаҳридаги йиғилишида маъруза қилган С.Примбетов Ўзбекистон ҳамжамият талаб қилган асосий ҳужжатларни имзоламагани билдирди.

Ўзбекистоннинг ўтган йил Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб кириши нафақат ўзбекистонликлар, балки унга қўшни Тожикистон ва Қирғизистон аҳолиси, айниқса, у ерда яшовчи ўзбеклар тарафидан катта қувонч билан қаршилаган, улар тез орада виза тизими бекор қилиниши ва фуқароларнинг борди-келди муаммоси енгиллашишига умид қилганди.

Ўзбекистон ўтган йил охирига қадар ўз қонунчилигини аъзо давлатлар билан эркин савдо ҳудудига мослаштириши, мавжуд виза тартибларини бекор қилиши, божхона тарифларини мувофиқлаштириши, яна кўплаб иқтисодий ва ижтимоий соҳаларига оид ислоҳотларни амалга ошириши лозим эди. Энди маълум бўлдики, мамлакат яна ўз билганидан қолмаяпти.

С.Примбетовнинг айтишича, ташкилотга расман аъзо бўлиб кирган Ўзбекистон 2007 йилнинг 1 январига қадар имзолаши керак бўлган 20 ҳужжатдан 16тасини имзолаган, қолган асосий тўрт ҳужжатнинг имзоланиши кечикмоқда.

Лекин Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти матбуот вакили Владимир Никоноров Ўзбекистон ҳукумати бу ислоҳотларни амалга ошира олишга тайёрлигини намойиш этаётганини айтди.

“Ўзбекистон ташкилотимизнинг тўлақонли аъзоси. Ўзбекистон қўшилиши керак бўлган ҳужжатлар талайгина ва бу борада техник муаммолар бор. Тўғрироғи, бунинг учун вақт керак”, - деди В.Никоноров.

Бундан уч олти ой аввал “Озодлик” билан суҳбатлашганида В.Никоноров Ўзбекистон ўз мажбуриятларини бажармаслиги борасида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлиги, мамлакатга январь ойигача берилган муддатнинг тугашигача ҳали анча вақт борлигини айтганди.

Ўзбекистон кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, мамлакат раҳбарияти вақтни чўзиш билан овора. Агар ҳукуматда бунга самимий хоҳиш бўлганда бу жараён бунчалик чўзилмаган бўлар эди.

Ўзбекистоннинг бу ташкилотга аъзо бўлиши Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб давлатлари танқидларидан сиёсий бошпана олиш мақсадида қилинган қадам сифатида баҳоланади.

Ўзбекистон 2006 йил 25 январда Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига расман аъзо бўлган ва ташкилотга оид 98 та ҳужжатнинг ҳаммасини имзолаш мажбуриятини олган.
XS
SM
MD
LG