Линклар

logo-print

Шиорлардаги Ўзбекистон

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда шоирбозлик авж олганини ҳар қадамда кузатиш мумкин. Аммо келажаги буюк бўлиши ҳақида 15 йилдан бери тинмай такрорланаётган Ўзбекистонда шиорлар аҳволни ўзгартирмаётир.

Жиззахлик Маъмуржон аканинг гапига қараганда, ўзбекистонликлар буюк келажакка ё етиб бўлди ёки...

Ёки нима эканини аниқ эмас. Ҳар ҳолда...

“Ўзбекистон - келажаги буюк давлат”шиори илгари ҳар қадамда бўлар эди. Кейинги пайтларда бу шиорни бирор жойда ҳам учратмадим”, - дейди Маъмуржон ака.

Бу Жиззахдаги гап. “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” шиори кейинги пайтларда Тошкентда ҳам кўринмай қолди. Буни Тошкентдаги айрим суҳбатдошлар ҳам тасдиқлади.

Демак, ўзбекистонликлар буюк келажакка етиб бўлди ёки... Ҳар ҳолда “Халқ сўзи”нинг пештоқида бу шиор шу кунда ҳам бор.

Келажакнинг узунлиги қанча – ўн йилми, қиёматгачами – бу саволга жавоб берадиган мутахассис топишнинг имкони бўлмади.

Хўш, бугунги кунда қайси шиорлар долзарб Ўзбекистонда?

“Кейинги ойларда, асосан, 2006 йилнинг ёзидан бошлаб ҳурматли президентимиз Ислом Абдуғаниевичнинг портретлари анча кўпайиб қолди. Вилоят ҳокимлиги биноси рўпарасида ҳам шундай портрет бор. Суратда у киши тўрт оқсоқол билан турибди. “Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз”, деган сўзлар ҳам ёзилган”, - дейди жиззахлик Маъмуржон ака.

Тошкентда эса одатдагидек “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам" шиори долзарб.

Ғалати шиор. Қайдан чиқди бу гап? Ким, қачон ва қаерда ўзбекларни камситган? Агар Россиядаги меҳнат мигрантларининг камситилаётгани назарда тутилаётган бўлса, шуни ёзиш керакмиди?! Биз ўрислардан кам эмасмиз, деб?!

Жиззахда шиорлару президент портретлари кўпаяётган бир пайтда тошкентлик суҳбатдош пойтахтда бунақа нарсалар камайиб бораётганини билдирди.

Журналист Шарофиддин Тўлаганов ҳам пойтахт кўчаларида шиорлар аввалгига қараганда бироз камайганини эътироф этар экан: “Шаҳарлардан шиорларнинг олиб ташланаётганини ижобий баҳолаш керак. Ғарбда бунақа шиорлар бўлмайди. Демак, Ўзбекистон ҳам Ғарб сари, демократия сари қадам ташлаётганини кўрсатиб турибди бу нарса. Шиор ёзадиларми, ёзмайдиларми – бундан қатъи назар, Ўзбекистоннинг ўтмиши ҳам, бугуни ҳам, келажаги ҳам буюк экани одамларнинг онгига сингдириб бўлинди. Буни яна кўз-кўз қилишнинг ҳожати йўқ”, - дейди.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган тошкентлик суҳбатдош эса омма фикрини бир қолипга солиб туриш, уни ҳукуматга керакли томонга йўналтиришнинг советча усули бугунги кунда иш бермай қўйганини айтди:

“Одамлар шиорларни киноя билан қабул қиладиган бўлиб қолган. Муаммо ҳақида гап кетса бўлди – “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат”, деб қўйишади. Аслида нима бўлаётганига одамларнинг ақли етиб қолди”.

У шиор ташлаш масъулияти унга юклатилганда: “Меҳнаткаш халқимизнинг елкасига офтоб тегсин” шиорини илиб ташлаган бўлишини билдирди.

Оқсарой соҳибларининг ўзлариям меҳнаткаш халқнинг елкасидан офтобни тўсиб қўйдик, деб ўйласа керакки, Жиззахнинг марказидаги катта панноларнинг бирида президентнинг бир гуруҳ аёллар билан тушган сурати тепасида “Биз меҳнаткаш аёллардан қарздормиз”, деган сўзлар ёзиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG