Линклар

“Дўстлик” ордени “она товуқ”қа миннатдорлик белгиси...ми?

  • Озодлик

Россиянинг Тошкентдаги элчиси, Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Фарит Мухаметшин мамлакат президенти Ислом Каримов қўлидан “Дўстлик” орденини қабул қилиб олди.

“Биз дипломатнинг Ўзбекистон ва Россия алоқаларини мустаҳкамлашга, халқларимиз ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигини кенгайтиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолаймиз”, - деди президент элчига орден топшириш маросимида.

Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Ф.Мухаметшинни Оқсарой қароргоҳида қабул қилган И.Каримов икки давлатнинг барча соҳалардаги ҳамкорлиги изчиллик билан ривожланиб бораётганини маълум қилди.

“Давлат раҳбарларининг доимий учрашувлари чоғида бизнинг ўзаро алоқаларимиз, халқаро ва минтақавий муаммолар борасидаги фикрларимиз бир жойдан чиқаётгани таъкидланади. Қарашларнинг бундай бирлиги ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишига замин яратади”, - деди И.Каримов.

Мустақил сиëсатчи Тошпўлат Йўлдошев И.Каримовнинг Ф.Мухаметшинга орден топширганини элчининг муддати тугаб, ватанига қайтаëтгани билан изоҳлайди.

“Фарит Мухаметшин Ўзбекистон-Россия алоқаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Бу жиҳатдан эса Ўзбекистон ҳукуматини мутлақ қониқтириб турди. Шунингдек, ўзаро муносабатларнинг янги босқичга кўтарилганида ҳам элчининг қўшган ҳиссаси кам эмас. Гарчи ўзаро муносабатларда қандайдир муаммолар бўлса ҳам сиëсий алоқаларимиз яхши, деган маънода президент элчини мукофотлади, деб ўйлайман”, - дейди Т.Йўлдошев.

Россия элчисининг Ўзбекистоннинг нуфузли мукофотига лойиқ кўрилиши ортида чуқур сиёсий сабаблар ҳам ётган бўлиши мумкинми?

“Жуда чуқур таҳлилларга бориш учун бизда етарли ахборотнинг ўзи йўқ. Формал равишда Оқсарой Кремлга рус ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат беришга, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси бўлишга ваъда берган. Лекин шуни эътиборга олиш керакки, бундай қадамларни қўйиш билан бирга Ўзбекистон Россия билан яқинлашишдан, кейинчалик Кремлнинг Тошкентга нисбатан босими кучайишидан қўрқади. И.Каримов Россия билан дўстлик асносида ўртадаги маълум масофани сақлаш фикридан қайтмайди. Чунки президент ўз атрофидагиларга ҳам унчалик ишонмайди. Шунинг учун Ф.Мухаметшиннинг тақдирланишини рамзий бир мақтов сифатида кўраман”, - дейди Т.Йўлдошев.

Россия элчисининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланишини чиндан ҳам рамз, Ўзбекистон-Россия муносабатлари ўзгариб қолгани рамзи ўлароқ қабул қилиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон мустақиллик даврининг илк кунлариданоқ ўзининг Россиядан узоқлашишга қаратилган сиёсати билан бошқа постсовет республикаларидан ажралиб турди.

“Марказий Осиёнинг беш раҳбари орасида И.Каримов Москвадан узоқлашишга иложи борича ҳаракат қилиб келган ва маълум маънода у бунга муваффақ бўлган эди. Айниқса, 2001 йил 11 сентябрь воқеаси натижасида Ўзбекистоннинг жуғрофий жойлашувининг муҳимлиги аён бўлди ва унинг ҳудудида АҚШ қўшинлари жойлаштирилди. Бу эса Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги кескин ўзгариш ўлароқ баҳоланди”, - дейди россиялик мустақил кузатувчи Виталий Портников.

Аммо 2005 йил 13 майда Андижонда юз берган воқеалар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини бутунлай ўзгартириб юборди. Она товуқ қаноти остига тиқилишга уринаётгандек АҚШ пинжига киришга интилган Ўзбекистон ўзи хоҳламаса-да, янги “оға”лар қидиришга мажбур бўлди.

Андижон воқеаларидан учун Ўзбекистон учун она товуқ ролини Россия ва Хитой бажара бошлади. Россия элчиси мана шу сиёсий шароит баҳонасида Ўзбекистоннинг орденига эга бўлиб қолган бўлса ажабмас!
XS
SM
MD
LG