Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:43

Халқаро ташкилотлар Умиданинг озод этилишини талаб қилмоқда


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи кўплаб халқаро ташкилотлар ҳамон ҳибсда қолаётган ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзованинг зудликда озод этилишини талаб қилмоқда.

Халқаро ташкилотлар Ниёзовага нисбатан сиёсий айбловлар қўйишга уриниш бўлаётганини кескин қоралаб, буни Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан асоссиз тазйиқу таъқибларининг навбатдагиси сифатида баҳоламоқда.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, адвокат Аброр Юсупов У.Ниёзова билан учрашишга муваффақ бўлган. У.Ниёзованинг аҳволи яхши, соғлиғидан ҳам шикоят қилмаган. Ҳозир унга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 243-моддалари бўйича тергов-суриштирув ишлари бормоқда. Бу моддаларда давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш ва контрабанда айби кўзда тутилган.

Шунингдек, адвокат ўз ҳимояланувчисига нисбатан жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи экстремистик руҳдаги материалларни йиғиш ва тарқатиш, акрамийлар гуруҳига алоқадорлик каби бир неча сиёсий айблар қўйишга уриниш бўлаётгани ҳақида маълум қилди. Ҳозирча терговга оид бошқа тафсилотлар маълум эмас.

31 январь куни Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари У.Ниёзованинг яқинлари билан учрашди.

“Германия элчихонаси вакиллари учрашувга таклиф қилди. Бордик ва бор тафсилотларни гапириб бердик. Элчининг иккинчи котиби Уве Берндт биз билан суҳбатлашди ва улар Умиданинг вазиятини кузатиб бораётганини айтди”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячисининг яқин қариндоши.

Аммо, У.Ниёзованинг яқинлари сўзларига кўра, Умиданинг аҳволи қандай, тергов қандай боряпти — уларнинг бу борадаги сўровларига адвокат ҳам тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячисининг қаерда ҳибсда сақланаётгани ҳам сир тутилмоқда.

Куни-кеча “Ҳьюман уайтс уотч”, “Фридом ҳаус”, “Амнисти интернэйшнл”, шунингдек, “Asia Pasifik Forum on Women” каби аёллар ҳуқуқи ва аёл ҳуқуқ ҳимоячилари ҳимояси билан шуғулланувчи кўплаб халқаро ташкилотлар У.Ниёзованинг ҳибсга олинишига ўз муносабатини билдирди.

Жумладан, “Фридом ҳаус” У.Ниёзованинг ҳибсга олиниши мутлақ асоссиз ва бу, шубҳасиз, унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисобламоқда.

“У.Ниёзова инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи фаоллардан бири ва “Фридом ҳаус” ташкилоти унинг ҳибсга олиниши касбий фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ҳукумати ҳибсга олинганлар ва маҳбусларга нисбатан қийноқлари билан яхши танилган. Шу боис, биз ҳибсда қолаётган У.Ниёзова тақдиридан қаттиқ хавотирдамиз”, - дейилади “Фридом ҳаус” раҳбари Женнифер Уинзор номидан тарқатилган баёнотда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам У.Ниёзова тақдиридан хавотир билдириб, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-моддаси бўйича айб қўйилиши асоссиз ва хавотирли эканини таъкидламоқда.

“Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳукумати бир неча ҳуқуқ ҳимоячиларига мана шу модда бўйича айб қўйди. Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраеванинг ҳибсга олиниши бунга сўнгги яққол далил. У.Ниёзовани эса биз яхши биламиз ва унинг ҳеч қандай диний экстремистик, фундаменталистик ташкилотларга алоқаси йўқ ҳисоблаймиз”, - дейди ҲРУнинг Москвадаги ваколатхонаси вакили Александр Петров.

Аёл ҳуқуқ ҳимоячилари ҳимояси билан шуғулланувчи “Asia Pasifik Forum on Women” ташкилоти эълон қилган баёнотда эса ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳибсга олиниши, шубҳасиз, Ўзбекистондаги бугунги сиёсий тузумнинг инсон ҳуқуқлари устиворлиги, демократик ислоҳотларга тоқатсизлиги намунаси, деб баҳоланган.

“Биз У.Ниёзованинг зудлик билан озод қилиниши тарафдоримиз ва бу борада Ўзбекистон ҳукуматига хат жўнатдик. Биз Осиё, шу жумладан, Марказий Осиё давлатларида аёллар ва аёл ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғлиқ вазиятни кузатиб борамиз ва айтиш мумкинки, Ўзбекистонда, умуман, ҳуқуқ ҳимоячилари муттасил босим остида”, - дейди “Asia Pasifik Forum on Women” ташкилоти вакили.
XS
SM
MD
LG