Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:34

Нурсултон Назарбоевнинг вориси ким?


Сапармурод Ниёзов ўлимидан сўнг ёки 69 ёшини қаршилаган Ислом Каримовнинг президентлик ваколатлари тугади, дея эътироф этилаётган бир пайтда Марказий Осиё давлатларида бошқарув кимларнинг қўлига ўтади, деган савол долзарб бўлиб турибди.

Туркманистонда яна бир неча кундан сўнг ўтказиладиган президент сайлови орқали бу нарса аниқ бўлар, Ўзбекистонда эса бошқача вазият, яъни президентликка номзодларини кўрсатган шахсларга нисбатан турли хил босимлар кузатилаётир.

Хўш, Қозоғистон президенти, 67 ёшли Нурсултон Назарбоевнинг вориси ким бўлиши мумкин?

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек зиёлиларидан бири Абдумалик Сармонов илгари Н.Назарбоевнинг вориси унинг қизи Дариға бўлиши ҳақида кўп гапирилганини эслайди.

“Кейин Н.Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболди, сал ўтиб президентнинг иккинчи куёви Темур Қуюбоевнинг ҳам президентликка ворис бўлиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бироқ Туркманистон тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, Марказий Осиё давлатларида ворислик масаласи бошқача ҳам бўлиши мумкин. Агар Қозоғистонда президентликка ворислик операцияси бошланса, ким кучли, кимнинг имкониятлари кўп бўлса, ўша шахс ҳокимиятга эришиши мумкин”, - дейди А.Сармонов.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев ворислар рўйхати тез-тез ўзгариб туришини айтади.

“Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовнинг ўлимидан кейин Н.Назарбоев жиддий ўйлаб олган ва ўз ўрнига ўринбосар танлаш масаласини ҳал қилган бўлиши лозим. Ворислар рўйхатида Имомали Тасмағамбетов, президентнинг қизи Дариға, Сенат раҳбари Қосимжўмард Тўқаев борлиги аниқ. Бироқ вазият ўзгариши билан бу рўйхат ҳам ўзгариб туради”, - дейди Д.Сатпаев.

Маълумотларга кўра, Қ.Тўқаев Н.Назарбоевга энг яқин одамлардан бири ҳисобланади ва Қозоғистон қонунчилигига кўра, президент билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар содир бўлган тақдирда Сенат раҳбари бу вазифани ўз зиммасига олади.

Мухолифатчи Тохен Тўхтасинов фикрича, Н.Назарбоев ўз ўрнини ҳеч кимга бериш нияти йўқ, яъни у худди Туркманбоши сингари охиригача ўз ўрнида қолади.

Мухолифат лидери Жармахон Туёқбой ҳам Н.Назарбоев ўзига ворис ахтармайди, деган фикрда.

Д.Сатпаев эса Қозоғистонда президент танлашда Россияча усул ҳам қўлланилиши мумкинлигини билдирди.

“Менимча, Қозоғистонда Россия варианти бўлади. Президент ворисликка энг мақбул одамни танлайди. Борис Ельциндан фарқли ўлароқ, Н.Назарбоев ўз ўрнидан кетган тақдирда ҳам сиёсий карьерасини сақлаб қолади”, - дейди Д.Сатпаев.

Бошқа тахминларга кўра, яқин орада Н.Назарбоев сиёсий ислоҳатлар ўтказиш ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Қозоғистон парламент республикасига айланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG