Линклар

logo-print

Қозоқ қизи Чехия вазири бўлди

  • Абдулла Искандар

Қозоқ миллатига мансуб Жамила Стеҳликова январь ойида Чехиянинг инсон ҳуқуқлари ва миллатлар вазири этиб тайинланди. Қозоғистонликлар уни Жамила Олмос қизи, деб билади.

Қозоғистоннинг Қирғизистон билан чегарасидаги овлоқ Қорақурум қишлоғида туғилган Жамила ëшлигида аптекачи бўлишни орзу қилди. Бу орзуси амалга ошиши учун Москвада беш йил ўқиди. Ўқиш пайтида бир чех йигит билан танишди. 1988 йилда ўша йигитга турмушга чиқди. 1992 йилда Чехия фуқаролигини қабул қилди. 2007 йилда Чехияда инсон ҳуқуқлари ва миллатлар вазири даражасига эришди.

“Менинг сиëсатдаги йўлим жуда содда. Москвада ўқишни битириб Чехия шимолидаги кичик шаҳарчага келин бўлиб тушдим. Бу шаҳарча яқинида кўмир кони бор эди. Кондан кўтарилган чанг-тўзон шаҳар табиати ва меъморий обидаларни хароб аҳволга келтираëтганини афсус билан кузатдим”, - дейди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Жамила хоним.

Жамила табиат ва жамиятга келтираëтган зиëнга чек қўйиш мақсадида мухолифатдаги яшиллар партиясига аъзо бўлди. Шаҳар кенгашига сайланди.

Чехиядаги атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учун яшиллар партияси сафларида курашга чиққан Жамила мамлакат парламенти депутати бўлди.

Яшиллар партияси Чехиядаги лўлиларнинг камситилишига барҳам бериш борасида тадбирлар ўтказади. Бағрикенглик, турфа миллатларнинг тенг ҳуқуқлигини ҳимоя қилиш бу партия дастуридан ўрин олган.

Яшиллар партияси вакили ва келиб чиқиши чех бўлмаган сиëсатчининг Чехияда инсон ҳуқуқлари ва миллатлар вазири қилиб тасдиқланиши ҳеч кимни таажжубга солмади.

“Биз турли эл ва элатларнинг Чехияда камситилишига бутунлай барҳам бермоқчимиз,- дейди Ж.Стеҳликова. - Биз камситилишга барҳам бериш борасидаги қонунни қабул қилмоқчимиз, токи Чехиядаги ҳар бир кишининг ирқи ва миллатидан қатъий назар ҳуқуқлари ҳимоя қилинсин”.

Айни пайтда Ж.Стеҳликованинг ўзи ҳам беписанд қарашлардан холи эмас.

Ўтган ҳафта у Чехия парламентида нутқ сўзлади. Сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари борасида куюниб гапирди. Аммо унинг чех тилида акцент билан гапириши баъзи депутатлар ғашини келтирди.

“Аммо бу катта муаммо эмас. Мен туғилиб ўсган Қорақурум қишлоғида ҳамма қозоқча гапиради. Мен бўлсам қозоқчани унутаëздим. Бу менинг хатоим”, - дейди Жамила.

Жамила Олмос қизи ўзи раҳбарлик қила бошлаган вазирлик биносининг улкан деразаси олдида туриб Қозоғистонда ўтган ëшлик даврларини эслашини айтади.

“Қишлоқда тенгдошларим билан от қувганимни, қуëшнинг олтин нурлари ялтиратган дарëда чўмилганимни эслайман”, - дейди Ж.Стеҳликова.
XS
SM
MD
LG