Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:39

Қирғизистонликлар янги бош вазир ҳақида фикр билдирмоқда


Қирғизистон парламенти душанба куни бош вазир лавозимига Азим Исабеков номзодини тасдиқлаган эди. Комсомол ташкилоти собиқ раҳбари бўлган бу шахс президент Қурманбек Бақиевга яқин одам экани айтилмоқда.

Қ.Бақиев Чуй вилояти ҳокими бўлганида А.Исабеков унинг маъмурияти бошлиғи бўлиб ишлаган. Қ.Бақиев 2001-2002 йилларда бош вазир бўлганида А.Исабеков унинг қўл остида ишлаган.

Мухолифатдаги Социал-демократик партия раҳбари Олмос Отамбоев 46 ёшли янги бош вазирни яхши танишини айтади.

“Бу ёш йигит ҳамқишлоғим бўлади. У укаларимдан бири. Ҳозиргача унинг тўғрисида бирор ножўя гап эшитганим йўқ. Бироқ президентнинг ёшлар томон қадам ташлагани, Феликс Қуловга ёпишиб олмасдан янги сиёсий арбобларга эътибор қарата бошлагани яхши”, – дейди мухолифат вакили.

Қирғизистон парламенти аъзолари мамлакат сиёсий ҳаётида узоқ йиллар фаолият юритган Феликс Қулов номзодини икки марта рад этгандан сўнг А.Исабеков президент томонидан бош вазир лавозимига янги номзод қилиб кўрсатилган эди.

Ўш вилояти собиқ ҳокими, мухолифат аъзоси Анвар Ортиқов янги бош вазирни яхши билмаслигини айтди. Айни пайтда А.Ортиқов президент қабул қилган қарорларга А.Исабековнинг қаршилик қилиши эҳтимолдан йироқлигини билдирди.

“Мен уни яхши билмайман. У Қирғизистон сиёсатчилари орасида яхши танилган эмас. У қандай ишлашини ҳеч ким билмайди. Бироқ унинг Бақиевга садоқат билан ишлаши аниқ. У ҳукумат сиёсатини мустақил олиб боради, деган фикрга қўшилмайман”, – деди Анвар Ортиқов.

Ҳосилбек Какибоев Азим Исабеков билан Арашан қишлоғида бирга ўсиб катта бўлган. У А.Исабеков яхши ўқувчи бўлгани ва маънавий пок эканини айтади.

“Ўзи яхши йигит. Одамгарчилиги зўр. Ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатган. У одамлар билан ишлай олади. У тўғри йигит”, - дейди Ҳ.Какибоев.

Бироқ Арашан қишлоғилик икки фуқаро президент бош вазир лавозимига бошқа номзодлар, хусусан, Тимур Сариев ва Олмос Отамбоев номзодини кўрсатганда мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикр билдирди.

“Темур Сариев ва Олмос Отамбоев Бош вазир бўлганида яхши ишларди. Улар мухолифат аъзолари бўлгани учун президент уларни бош вазир лавозимига номзод қилиб кўрсатишни хоҳламади. А.Исабеков мухолифат аъзоси эмас. Шунинг учун Бақиев уни бош вазирликка номзод қилиб кўрсатди. Буни ҳамма билади”, – дейди Арашан қишлоғилик фуқаролар.

Азим Исабеков Қирғизистон бош вазири сифатида мамлакатнинг жиддий иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий муаммоларни ҳал қилиши керак бўлади.

Сўнгги йилларда Қирғизистонда кетма-кет сиёсий бўҳронлар юз берди. Шу боис, кузатувчилар мамлакатдаги қатор муаммоларни ҳал қилиш янги бош вазир учун осон бўлмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG