Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:57

Экологияга оид хабарлар


Ўзбекистоннинг айрим минтақалари ва Бишкекда 30-31 январь кунлари ҳаво ҳарорати тахминан 20 даража иссиқ бўлди. Метеорологлар Афғонистон ва Эрон томондан эсган илиқ ҳаво оқими минтақада ҳарорат кўтарилишига сабаб бўлганини айтмоқда.

Дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам ҳаво ҳарорати кўтарилиб бораётгани кузатилмоқда. Бу эса сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни тақазо қиляпти. Хусусан, австралиялик олимлар Сидней шаҳри аҳолисини сувдан фойдаланишни 50 фоиз қисқартириш кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Ҳукумат комиссияси ўтказган тадқиқот хулосалари 30 январь куни эълон қилинди. Унга кўра, 2070 йилга бориб ҳаво ҳарорати Целсий ўлчови бўйича ўртача беш даражага исиши, бунинг оқибатида иссиқликдан ўлаётган одамлар сони кескин кўпайиши мумкин.

*** *** ***

АҚШ Сенати аъзоларининг чорак қисми глобал иқлим исиши дунё келажагига жиддий таҳдид, деган фикр билдирмоқда.

30 январь куни Сенатда иқлим ўзгариши масаласига бағишланган бир соатлик йиғилиш бўлди. Унда президентликка даъвогарлик қилаётган тўрт номзод ҳам иштирок этди. Улардан бири, республикачи сенатор Жон МакКейн иқлим ўзгариши глобал муаммо экани ва унинг оқибатларини бартараф қилиш учун халқаро ҳамжамият бирга ҳаракат қилиши кераклигини айтди.

Демократик партиянинг президентликка номзоди бўлиши айтилаётган Ҳиллари Клинтон эса иқлим ўзгариши муаммосига жиддий эътибор қаратиш вақти келганини таъкидлади.

*** *** ***

Хитой расмийлари 2008 йилда Пекинда Олимпиада ўйинлари бошлангунча сув тозалиги белгиланган даражага етказилишини маълум қилди.

Пекиннинг сув таъминоти идораси бошлиғи Жиао Жижонг айтганига асосланиб “China Daily” газетасининг ёзишича, ҳозир Хитой пойтахтидан чиқаётган сувнинг 90 фоизи тозаланмоқда. Жорий йилда яна бешта завод ишга тушиши билан бу кўрсаткич яна ортиши кутилмоқда.

Жиаонинг билдиришича, Олимпиада ўйинлари бошлангунича Пекин шаҳри ва атрофидаги каналлар ҳамда кўллар чиқиндилардан тозаланади.

Хитой ҳукумати 2008 йилги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилиш учун даъвогар бўлган пайтда Пекинда сув тозалигини Олимпиада даражаси ва ҳатто ундан ҳам юқори даражага етказишни ваъда қилган.

*** *** ***

Лондондаги Зоология жамияти олимлари йўқолиб кетиш эҳтимоли юқори бўлган, эволюцион жиҳатдан ноёб юзта сут эмизувчи ҳайвон турининг рўйхатини тузди.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда фаол қатнашган доктор Бен Коллен рўйхатга киритилган сут эмизувчилар ўзига хос ҳайвонлар эканини айтар экан: “Бу ноёб жониворларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Агар улар йўқ бўлиб кетса, сайёрамизда уларга ўхшаган ҳеч нарса қолмайди. Уларнинг аксари ўзига хос хусусиятга эга. Улар биохилмахилликни бойитган ва экотизимнинг ажралмас қисми бўлиб келган”, – деди.

Йўқолиб кетиш таҳдиди юқори бўлган 100 та сут эмизувчи ҳайвон рўйхатида Хитой ва Мўғулистон ҳудудларида яшовчи бақтрия ёввойи туялари ҳам бор. Маълумотларга кўра, ҳозир уларнинг сони мингдан камайган.

Қозоғистондаги Балхаш кўлидан шимол ва ғарб томондаги чўл минтақасида яшовчи соня, яъни қишда узоқ вақт уйқуда бўладиган олмахонга ўхшаш ҳайвон ҳам йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган сут эмизувчи ҳайвонлар рўйхатига киритилган.

Қозоғистондаги Зоология институти ходими Омонқул Бикенов чўл соняси ҳозиргача яхши ўрганилмаган ноёб ҳайвон эканини билдирди.

“Охирги 50 йил ичида олимларимиз улардан атиги 40 тасини тутишга муваффақ бўлган. Бу ҳайвоннинг ўзига хос хусусияти шунданки, у жуда яширин ҳаёт кечиради. У қоронғида яхши кўриш қобилиятига эга бўлгани учун тунда фаол ҳаракат қилади. Унинг биологияси ҳозиргача ўрганилмаган. Бу ҳайвон фан учун жуда муҳим. Дунё олимларининг бу ҳайвонни ўрганишга қизиқиши катта”, – дейди қозоғистонлик олим.

Британиялик олимлар тузган рўйхатга Россиянинг Қалмиқистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ярим чўл ҳудудларида яшовчи оққуйруқ ҳам киритилган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Зоология институти директори ўринбосари Искандар Мирабдуллаев Ўзбекистонда йўқолиб бораётган ҳайвон ва ҳашарот турларини анчагина эканини маълум қилди.

“Ўзбекистон фаунаси 20 мингдан ортиқ турдан иборат. Уларнинг асосий қисмини умуртқасиз ҳайвонлар, ҳашарот турлари ташкил этади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда учрайдиган 669 та умуртқали ҳайвон турининг 97 таси сут эмизувчидир. Уларнинг 25 тури Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган. 424 та қуш турининг 45 таси, 59 та судралувчи ҳайвон турининг 12 таси “Қизил китоб”дан ўрин олган. Сут эмизувчи ҳайвонлар орасида, айниқса, қоплон, йўл-йўл сиртлон, бурамашох эчки, Устюрт ва Бухоро қўйларининг сони кескин камайиб, уларнинг йўқ бўлиш эҳтимоли ортиб бормоқда”, – дейди профессор Искандар Мирабдуллаев.

Мутахассисларнинг билдиришича, дунёда ҳайвон ва ҳашарот турлари тобора камайиб боришига, асосан, инсон фаолияти ва меъёрдан ортиқ овлаш сабаб бўлмоқда. Шу боис, британиялик олимлар беш йил ичида юқорида айтиб ўтилган, йўқолиб кетиш эҳтимоли кўп бўлган сут эмизувчи ҳайвон турларини сақлаб қолиш, маҳаллий мутахассислар, атроф-муҳит ҳимоячилари билан ҳамкорликда улар сонини кўпайтиришни режаламоқда.
XS
SM
MD
LG