Линклар

Журналистлар учун оғир келган йил

  • Ҳасанжон

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг жаҳонда матбуот эркинлигига оид йиллик ҳисоботида 2006 йил охирги ўн йил ичида журналистлар энг кўп нобуд бўлган ва қамоққа ташланган йил сифатида қайд этилган.

Ҳисоботга кўра, 2006 йилда дунёда 81 журналист ҳалок бўлган. Улардан 65 нафари Ироқда ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтда ўлган. Ҳозирга қадар 1994 йил Руанда, Жазоир ва собиқ Югославиядаги урушлар сабабли журналист энг кўп қурбон бўлган йил сифатида қайд этилганди.

Ташкилот ўз ҳисоботида 2006 йилда Марказий Осиё давлатларида матбуот эркинлиги вазияти яхшиланмаганини билдиради. Хусусан, Ўзбекистонда ҳукуматнинг мустақил ахборот воситаларига босим кўрсатишни давом эттиргани, Қозоғистонда мухолифат нашрларининг вазияти ёмонлашгани айтилади.

Туркманистон эса Шимолий Корея билан бир қаторда матбуотга нисбатан “дунёдаги энг репрессив давлат” сифатида баҳоланган.

“Марказий Осиёда бизни энг кўп хавотирга солаётган давлат Туркманистондир. Президент Ниёзовнинг ўлимидан сўнг ўтказиладиган президент сайловидан кейин режимнинг либераллашишига умид қиляпмиз. Аммо ҳозирча бу борада чоралар қўлланилганини кўрмаяпмиз. Ўтган йили Туркманистон қамоқхонасида “Озодлик” радиоси мухбири вафот этди. Ўғилсапар Муродова билан бирга судланган икки журналист ҳақида ҳам маълумотга эга эмасмиз. Шу боис, биз уларнинг тақдиридан жиддий хавотирдамиз”, - дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти таҳлилчиси Элза Видал.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, Ўзбекистондаги вазият ҳам Туркманистондагидан кўп фарқ қилмайди.

“2006 йилда Ўзбекистон тупроғида чет эл ахборот воситаларининг деярли йўқ бўлганини кўрдик. Биз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аксари яширинча ишлашга мажбур бўлганини биламиз. Яқинда мухолифат журналисти, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ҳибсга олинди. Бу Ўзбекистонда мустақил журналистнинг сохта айбловлар билан биринчи ва охирги марта қўлга олиниши бўлмаса керак, деб қўрқамиз”, - дейди Элза Видал.
XS
SM
MD
LG