Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:11

ЕИ кўраётган ижобий қадамлар қани?


Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Маттиас Меер ўз мамлакатининг расмий Тошкент билан олиб бораётган музокаралари тўғри йўналишда кетаётганини ҳис қилаётганини билдирди.

31 январь Тошкентда матбуот анжумани ўтказган элчи Европа Иттифоқининг амалдаги раиси бўлган Германия ва Ўзбекистон ўртасида бораётган сўзлашувлар жараёнига тўхталди.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилган ЕИ ўзаро муносабатларни тиклашга ҳаракат қиляпти. Келаси ой ичида мазкур санкциялар тақдири қайта кўриб чиқилади. Мана шу жараёнда Ўзбекистон билан мулоқотларда бош ролни Германия ўйнаяпти, дейиш мумкин.

Маттиас Меер Германия ва Ўзбекистон ўртасида бораётган ана шу музокаралар ижобий натижа беришига умид билдирди.

“Биз кўп ҳаракатларимиз тўғри йўналишда кетаётганини ҳис қиляпмиз. Жараённинг бундан кейинги ривожи қандай бўлишини вақт кўрсатади. Албатта, биз фақат қуруқ гап эмас, аниқ амалий ўзгаришларни кўришни истаймиз”, - деди элчи.

Шунингдек, у Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи Гремания ҳукумати ва ЕИни чуқур хавотирга солаётганини эътироф этар экан, айни вақтда “фақат салбий нарсаларни гапиришдан фойда йўқлиги, асосий эътиборни натижага қаратиш лозим”лигини таъкидлади.

Юқорида айтилганидек, ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкциялари тақдири юзасидан муҳокамалар февраль ойида бўлиши кутиляпти.

ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус маърузачиси Пьер Морел тузилманинг асосий мақсади Ўзбекистон билан муносабатларни тиклаш эканига урғу берар экан, ҳозирча Ўзбекистон ана шу жараённи бошлашга имкон берувчи қадамларни ташлаганини билдирди.

“Факт шуки, биз расмий Тошкентга икки шарт таклиф қилган эдик. Бири 2006 йил якунига қадар Андижон воқеалари бўйича делегациямизни қабул қилиш эди ва бу шарт бажарилди, ЕИ делегацияси декабрда Ўзбекистонда бўлди. Иккинчиси эса Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича мулоқотни ўрнатиш эди. Ҳозирча мулоқотга тайёргарлик жараёни боряпти ва бу борада тугал бир гап айтишга ҳали эрта. Аммо ҳозирданоқ айтиш мумкинки, бу борада айрим қадамлар кузатилди”, - дейди Пьер Морел.

Расмий Тошкентнинг ЕИ билан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи борасида мулоқот ўрнатиш йўлида илгари ташлаган ижобий қадамлари айнан нимадан иборат экани ҳақида гапиришга ҳам ҳали эрталигини айтмоқда тузилма расмийлари.

Аммо ЕИга раҳбарлик қилаётган Германия элчихонаси расмийлари сўнгги бир ой давомида Ўзбекистондаги кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашув олиб боргани ва бу учрашувларга имкон берилаётганини ана шу ижобий қадам ўлароқ қабул қилинаётгандир эҳтимол.

Жумладан, Германия элчихонаси расмийлари ҳозир ҳибсда қолаётган инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Умида Ниёзованинг яқинлари, ўз отаси - инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг касбий фаолияти учун қамоққа олиниб, жазо ўтаётган Ихтиёр Ҳамроев билан учрашди.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев Германия элчихонаси расмийлари билан бўлган бир неча мулоқотдан сўнг элчи Маттиас Меернинг қилган чиқишидан таажжубда эканини айтади.

“Мен Германия элчихонаси расмийлари билан барча учрашувларда Ўзбекистонда асоссиз қамоққа ташланган ҳуқуқ ҳимоячилари озод этилган, Германиянинг геосиёсий манфаатлари инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳаси билан параллел равишда олиб борилган, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ислоҳотларни талаб қилган тақдирдагина Германия ҳукумати сиёсатини қувватлаймиз, деб айтган эдим. Минг афсуски, Германия ҳукумати ва у раислик қилаётган ЕИ Ўзбекистон билан муносабатларга, асосан, энергетик манфаатлари нуқтаи-назаридангина ёндашмоқда”, - деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG