Линклар

“Coscom” фаолияти вақтинча тўхтатилди

  • Озодлик

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мамлакатда GSM 900/1800 стандарти бўйича мобиль телефон хизмати кўрсатадиган “Coscom” компанияси фаолиятини ўн кунга тўхтатиб қўйди.

Агентликнинг давлат алоқа инспекцияси ходими “Coscom” турли қонунбузарликларга йўл қўйгани учун унинг лойиҳалаштириш, қурилиш, эксплуатация ва алоқа хизмати кўрсатишга оид лицензиясининг амал қилиш муддати 5 февралдан бошлаб 10 кунга тўхтатиб қўйилганини, белгиланган муддат ичида у ҳамма камчиликларни бартараф этиши шартлигини билдирди.

Кузатувчилар бу компания атрофидаги машмашалар ортида “Coscom”нинг Россиядаги “Мегафон” компанияси томонидан нисбатан арзон нархда сотиб олинишига уринаётган кучлар турганини таъкидлаяпти.

Аммо “Coscom” вакиллари бу иддаони рад этиб, компания фаолиятининг вақтинча тўхтатилишига лицензия талабларига риоя қилинмагани асос сифатида келтирилаётганини маълум қилди.

Интернетда тарқатилган маълумотларга қараганда, 30 январь куни “Coscom” тармоғида техник носозлик юз бериши натижасида қарийб 380 минг абонентнинг 300 мингга яқини алоқасиз қолган. Ҳолбуки, компания бу ҳақда ўз мижозларини аввалдан огоҳлантирмаган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам айни ҳолат қайд этилган эди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги шу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда компания фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга қарор қилган.

Ўтган йилнинг куз фаслида “Coscom”нинг америкалик акциядорлари компанияни Россиянинг “Мегафон” компаниясига сотиш юзасидан музокаралар ўтказган эди. Кейинчалик бу музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолгани маълум қилинди.

“Мегафон” Россиядаги учта йирик мобиль алоқа компанияларидан Ўзбекистон бозорига кирмаган ягона компания ҳисобланади. Айни пайтда Россиянинг “МТС” ҳамда “Вымпелком” компаниялари ўзбекистонлик абонентларга хизмат кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтлар ичида Ўзбекистонда техник носозликларни бартараф эта олмагани иддаосида иккита мобиль алоқа компанияси иши тўхтатилган эди. 2005 йилнинг февралида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғи билан “SkyTel” иши тўхтатилиб, кейинчалик унинг ўрнини “Ўзбектелеком мобайл” эгаллаганди. Ўша йилнинг августида эса GSM стандартида хизмат кўрсатувчи “Uzmacom” компанияси ҳам ëпилиб, кейинчалик “Вымпелком”га сотиб юборилганди.
XS
SM
MD
LG