Линклар

logo-print

Маҳбуслар аёлига яқинлаша олмайдиган қилиб калтакланяпти

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган баёнотда Зарафшон қамоқхонасида 30 ёшли маҳбус Тоҳир Назаров шафқатсиз қийноқлар оқибатида майиб-мажруҳ бўлиб қолгани айтилади.

Ўтган ой Зарафшондаги қамоқхонада бўлган Салима опа у ерда жазо муддатини ўтаётган 30 ёшли ўғлининг аҳволини кўриб даҳшатга тушганини айтади. Ўғли унга қаттиқ қийноққа солинаётгани, товонига резина таёқ билан уришаётганини билдирган.

Уч боланинг отаси Тоҳир Назаров 2005 йилда мавжуд конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш, ноқонуний диний оқимларга аъзолик айби билан етти йилга қамалган эди. Ўшанда унинг яқинлари бу айбловлар туҳмат эканини айтган. Қамалганидан бир ярим йил ўтиб Т.Назаров қамоқхонада мажруҳ аҳволга тушиб қолганида Салима опа қамоқхона нозирларини айблайди.

“Ўша урган одам унга бориб-бориб аёлига ярамайдиган одам бўлиб қолишини, калтаклар таъсири шу даражага олиб боришини айтган экан. Мана шу борганимда ўғлим менга шу сўзларни айтди. Икки марта аёлини олиб бордим. Ҳақиқатда шу нарса содир бўпти”, - дейди Салима опа.

Салима опанинг айтишича, қамоқхонада қийноққа солинаётган фақат унинг ўғли эмас. Ўтган ой Зарафшон қамоқхонасига борганида бошқа маҳбусларнинг яқинлари ҳам шу ҳолатдан шикоят қилган.

“Мен билан бир аёл ўғлини кўргани борган эди. Бу аёл ҳам кириб шикоят қилди. Ўғлининг бошига уришибди”, - дейди Салима опа.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов унинг ташкилотига қамоқхонадаги қийноқлар борасидаги шикоятлар мунтазам келиб туришини билдирди.

“Ҳозиргина бир аёл шикоят қилиб келди. Набирасини тергов пайти калтаклашибди. Ҳатто бунинг оқибатида суд ҳам кечиктирилибди”, - дейди С.Икромов.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналаридаги мунтазам қийноқлар, баъзи ҳолларда ўша қийноқлар оқибатида маҳбуслар ҳаётдан кўз юмиши борасида хавотир билдириб келади.

БМТнинг махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2002 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечириб, у ерда қийноқлар мунтазамлик касб этади, деган хулосани берган ва уларни бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига тавсиялар тақдим этганди. Тео ван Бовен қамоқхоналардаги бу аҳвол учун мамлакат раҳбариятини айблаганди.

“Президент Каримов қамоқхоналарда бўлаётган бу аҳволдан хабардор. Шу боис, бунга Каримовнинг ўзи жиноий жавобгардир”, - деган эди ван Бовен.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сўзларига кўра, Ўзбекистонда қийноқлар қўлланишига оид вазият ўзгармаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро қизил хоч ташкилотига сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхоналарни ҳам кўздан кечиришга рухсат берилиши талабида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 8 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашувда Халқаро қизил хоч ташкилотига ўзбек қамоқхоналарини кўздан кечиришга рухсат берилишини ваъда қилган эди. Вазирнинг шу баёнотидан кейин Халқаро қизил хоч ташкилоти ўтган йил ноябрь ойидан ўзбек расмийлари билан музокараларга киришган ва Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечиришни январь ойидан бошлашига умид қилган эди.

Аммо ташкилотнинг Тошкентдаги вакили Пьер Эммануэль Дюкруе музокаралардан ҳануз натижа йўқлигини билдирди. Шунга қарамай, ташкилот рухсат олишига катта ишонч билан қарамоқда.

“Жараён узилиб қолгани йўқ. Сўзлашувлар давом этмоқда. Лекин жараён биз кутганимиздан узоққа чўзиляпти”, - деди Пьер Эммануэль Дюкруе.

Халқаро қизил хоч ташкилоти сўнгги бор 2004 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарини инспекция қилган эди. Ўшандан бери ташкилот қамоқхоналардаги вазиятни ўрганиш борасида ҳукуматдан рухсат ололмаган, барча уринишлари бесамар бўлган.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин эса вазият яна кескинлашди. Ташкилотнинг Ўзбекистон расмийлари билан алоқаларида узилиш рўй берди. Агар бу сафарги уринишлар натижа берадиган бўлса, Халқаро қизил хоч Андижон воқеасидан сўнг Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечирган биринчи халқаро ташкилот бўлади.
XS
SM
MD
LG