Линклар

logo-print

Гўёки мухолиф, аслида “эгиз” партиялар

  • Барно Анвар

Бир-икки йил муқаддам бир-бирига нисбатан ҳатто “мухолиф” сўзини ишлатишдан чўчиган мавжуд беш сиёсий партия фаоллари, раҳбарлари сўнгги вақтларда мамлакат ахборот воситаларида бот-бот чиқиш қилаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бу партиялар фаоллари, раҳбарлари давлат сиёсати даражасидаги у ёки бу масалаларда ҳам чиқиш қилмоқда, баёнотлар бермоқда.

Ўзбекистон расмий ахборот воситалари бу жараённи мамлакатда сиёсий партиялар ва айни вақтда қонунчилик органи фаоллигининг ошиши ўлароқ тақдим қилмоқда. Жумладан, “Халқ сўзи” газетасида сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ўз фракцияларининг парламентдаги фаоллигини оширишга ҳаракат қилаётгани ва фракциялараро кураш ҳам фаоллашгани ҳақида ёзилади.

Мамлакатдаги аксар таҳлилчилар Ўзбекистон расмий ахборот воситалари кейинги вақтда сиёсий партиялар мавзуига бот-бот қайтаётгани бежиз эмаслигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, бу бугун мамлакатда юзага келган қалтис сиёсий вазият, хусусан, мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг президентлик ваколати тугагани туфайли юзага келган аҳволни юмшатишга уринишдир.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов бу партиялар эндиликда эндиликда маълум бир вазифалар асосида иш олиб боришга мажбурлигини таъкидлайди.

“Аввалги сайловдан кейин Халқ демократик партияси раҳбарияти ўзининг Либерал демократик партияга мухолифатда эканини эълон қилган ва бу И.Каримовга маъқул келиб қолган эди. Шундан кейин Ўзбекистонда сиёсий партиялар ўзаро “мухолиф” сўзини қўрқмай ишлата бошлагани манзарасини яратиш мақсадида бўляпти бу ҳаракатлар”, - дейди О.Орипов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида кетма-кет уюштирилаётган сиёсий партиялар баҳслари мамлакатда сиёсий-мухолиф партиялар бор, деган манзарани айнан бугун янада яққолроқ яратишга уриниш ва президентлик ваколати тугаган Ислом Каримовни қўллаб-қувватлашдир.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Исабеков ҳам айни фикрни тасдиқлар экан, кейинги вақтда телеэкранларда тез-тез пайдо бўлиб қолаётган сиёсий партиялар фаоллари аслида бир-биридан умуман фарқ қилмаслигини билдирди.

“Мен ўзимизнинг бешта чўнтак партиядан кўра Россиядаги партияларни яхшироқ фарқлайман. Бу партияларнинг парламентдаги фракциялари нари турсин, етакчиларини ҳам Ўзбекистонда яхши билишларига шубҳам бор. Бу фракциялар бирорта жиддий муаммони кўтариб, парламент йиғилишларида баҳсга киришганини эса умуман эслай олмайман”, - дейди Б.Исабеков.

Б.Исабековнинг таъкидлашича, фаоллиги ошгани айтилаётган бу партияларни ҳукуматга қарашли битта улкан партиянинг тармоқлари, дейиш мумкин, холос.
XS
SM
MD
LG