Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:41

Андижонлик насронийлар етакчиси ҳибсда


“Форум 18” ташкилоти Андижон шаҳридаги насроний диний жамоалардан бирининг етакчиси Дмитрий Шестаков ҳибсда сақланаётгани ва тез орада унинг устидан суд жараёни бошланиши мумкинлигини хабар қилди.

Д.Шестаковга Ўзбекистон Жиноят кодексининг ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик ва турли дин вакиллари ўртасида низо қўзғашга уринганлик айблари кўзда тутилган моддалари қўйилган.

“Форум 18” ташкилоти мухбири Игор Ротарнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Д.Шестаков Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган насронийлар диний жамоаси етакчисидир.

“Ҳозир Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқий нормаларга зид равишда қонуний рўйхатдан ўтмаган диний ҳаракатлар, жамоалар фаолияти тақиқланган. Айни вақтда уларнинг рўйхатдан ўтиш тўғрисида сўровлари ҳам турли баҳоналар билан рад этилади. Д.Шестаков бир неча йиллардан буён рўйхатдан ўта олмай юрган ана шундай ҳаракатнинг раҳбаридир”, - деди И.Ротар.

Унинг билдиришича, Д.Шестаков Андижон маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари тазйиқидан чўчиб, бир йил муқаддам Ўзбекистонни тарк этган. Аммо бир ойлар муқаддам юртга қайтишга қарор қилган ва келиши билан ҳибсга олинган.

“Д.Шестаковнинг маълум сабабларга кўра исмини ошкор эта олмайдиганим яқинлари билан суҳбатлардан аниқлашимча, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ундан жамоаси аъзолари рўйхатини талаб қилмоқда. Д.Шестаков эса буни рад этган. Ўз вақтида унинг оиласига нисбатан ҳам куч ишлатилган”, - дейди Игор Ротар.
XS
SM
MD
LG