Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:43

Жорж Буш ҳарбий харажатларни ошириш ниятида


АҚШ президенти Жорж Буш Конгрессга тақдим этган 2008 молия йили учун мўлжалланган бюджет лойиҳасида мудофаа соҳасига ажратиладиган маблағлар оширилиши кўзда тутилган.

Лойиҳада мудофаа соҳаси учун шу пайтгача ажратиб келинган маблағга қўшимча 142 миллиард доллар ажратилиши ва бу маблағ Ироқ ва Афғонистондаги уруш харажатларини қоплашга йўналтирилиши кўзда тутилган. Унда 1 октябрдан бошлаб 12 ой ичида ҳарбий харажатлар учун жами 624 миллиард доллар сарфланиши режалаштирилган.

Жорж Буш душанба куни ушбу бюджет лойиҳасини Конгрессга тақдим этар экан, мамлакат учун энг устивор масала хавфсизлик эканини қайд этди.

“Биз учун устивор масала - америкаликларни ҳимоя этиш, аскарларимиз ўз вазифаларини адо эта олиши учун ҳамма нарсага эга эканига амин бўлиш. Албатта, биз учун таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳам устивор ҳисобланади”, - деди Ж.Буш.

Ҳарбий харажатнинг 10 миллиард доллари Ироқ ва Афғонистон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш учун сарфланади. Шунингдек, Кобул ҳукуматининг мамлакатда гиёҳвандлик моддалари етиштирилишига қарши олиб бораётган кураши ва давлат тизими фаолиятини такомиллаштириш ишлари учун ҳам қўшимча маблағлар ажратилиши ҳамда бу харажатлар 968 миллиондан бир миллиардгача оширилиши бюджет лойиҳасида акс этган.

Келаси беш йил ичида Америка аскарлари сонини кўпайтириш ва янги қуроллар ишлаб чиқарилиши учун ҳам маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

2008 молия йили учун мўлжалланган бюджет лойиҳаси ҳажми жами 2 триллион 900 миллиард долларни ташкил этади. Аммо бу лойиҳа Конгресс тасдиғидан ўтиши керак. Айни пайтда Жорж Буш таклиф этган бу лойиҳа Конгрессда кўпчиликни ташкил этувчи демократлар танқидига учрамоқда.

“Агар президентнинг бу таклифи шундай кўринишда тасдиқланса, қарзлар ботқоғига ботамиз”, - деди Сенатнинг бюджет қўмитаси раиси, демократ Кент Конрад.

Жорж Буш 2008 йилги бюджет лойиҳасини демократлар Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчиликни ташкил этган бир пайтда тақдим этаётир ва шу боис, унинг атрофидаги тортишувлар ҳали анча вақт чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG