Линклар

logo-print

Покистонлик диний уламолар Вашингтонда

  • Ҳасанжон

Покистон мадрасалари “Толибон” ҳаракатига жангарилар тайёрлаб бераётган марказлар сифатида таърифланаётган бир пайтда бу мадрасалар домлаларидан айримлари Вашингтондаги учрашувга таклиф этилди.

Уларни АҚШга Вашингтондаги Дин ва дипломатия халқаро маркази асосчиси ва раҳбари Дуглас Жонстон таклиф этган. Бу марказ халқаро можароларни ҳал этишни рағбатлантириш билан шуғуланади. Д.Жонстон ва ҳамкасблари Покистондаги мадрасаларда ўқувчиларга диний таълимдан ташқари математика ва ижтимоий фанларни ҳам ўқитиш кераклиги ҳақида тарғибот ишлари олиб бормоқда. Бу лойиҳадан кўзланган яна бир мақсад диний бағрикенгликни шакллантириш орқали можарони ҳал этишни рағбатлантиришдан иборат эди.

Д.Жонстоннинг таъкидлашича, мазкур дастурни бошлаш осон бўлмаган. Чунки кўпгина мадраса маъмурлари ўқитилаётган фанларни ўзгартириш диний тамойиллар борасида ёнбосишни англатади, деган фикрда бўлган. Бироқ халқаро марказ вакиллари уларнинг ишончини қозониш учун икки босқичда ҳаракат қилган. Биринчидан, улар қандай қўшимча фанлар ўқитилишини мадраса ўқитувчиларининг ўзи ҳал қилиши кераклигини, ўқувчилар ва ўқитувчиларга кимнингдир иродаси зўрлаб ўтказилмаётганини уқтирган. Иккинчи босқич тарихий муҳитни ўзгартириш бўлган.

“Биз Ислом тарихидаги 1000 йилдан ортиқ вақт давомида санъат, фан соҳалари ва ҳатто диний бағрикенглик борасида катта ютуқларга эришилганига ишора қилиб, уларнинг меросига мурожаат этдик. Улар бу гапларга қулоқ солиб, бироз ўйлаб кўрганидан кейин вазиятни анча яхшилаш мумкинлигини тушуниб етди”, – дейди Дуглас Жонстон.

Унинг гуруҳи Ислом динининг консерватив қарашдаги ваҳҳобийлик ва девбандий оқимларига мансуб бўлган мадраса раҳбарларини ҳам ўзига жалб қила билди. Натижада нафақат Д.Жонстон ва ҳамкасблари, балки мадраса раҳбарлари ҳам бошқа мадрасалар бошлиқларига ислоҳотлар ўтказишни ўргата бошлади.

5 февраль куни Вашингтонда бошланган йиғилишда Покистоннинг Кветта шаҳридаги девбандий мадрасаси раҳбари Ҳафиз Халил Аҳмад ва ваҳҳобийлик оқими раҳбари Қози Абдул Қодир Ҳамуш иштирок этди.

Халил Аҳмад ташрифидан мақсад Покистондаги мадрасалар талабаларга нафрат ҳиссини тарғиб қилувчи мактаблар эмаслигини халқаро ҳамжамиятга баралла айтиш эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу мадрасаларда ўқиётган талабалар халқаро сиёсатдан узилиб қолган ва бу ҳақда тасаввурга эга эмас. Агар жангарилик рағбатлантирилаётган бўлса, буни Покистон ҳукуматининг ўзи амалга оширмоқда.

Абдул Қодир Ҳамуш Халил Аҳмад билдирган фикрга қўшилди. Унинг билдиришича, 1979 йилда СССР қўшинлари Афғонистонга бостириб киргунича жиҳод ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган. Аксар покистонликлар қаршилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаган. Бироқ совет армияси Афғонистондан олиб чиқилгандан кейин у ерда урушдан бошқа нарсани билмайдиган одамлар қолган ва улар Ислом динини таҳдиддан ҳимоя қилувчи янги гуруҳлар ташкил этган.

Абдул Қодир Ҳамуш Д.Жонстон ва унинг ҳамкасблари таклиф қилган ислоҳотлар Покистондаги мадрасаларда самара бераётганини айтди.

Д.Жонстон эса мадрасалардаги ислоҳотлар самарасини яқин фурсатда Покистон ташқарисида ҳам кўриш мумкин бўлишини таъкидлади.

“Бу фақат покистонлик болаларни ёрқин келажак билан таъминлаш учун муҳим эмас. Бу ҳаммамизнинг болаларимиз учун, шунингдек, терроризмга қарши глобал миқёсда олиб борилаётган урушда ҳам муҳим аҳамиятга эга”, – дейди Дуглас Жонстон.
XS
SM
MD
LG