Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:51

Туркманистон президентлигига номзодлар. Улар кимлар?


Туркманистонда 11 февралга мўлжалланган президент сайловининг сайловолди кампанияси якуний босқичга кирди. Бу сайлов мустақил Туркманистон тарихида илк кўп номзодли сайлов экани билан эътиборлидир.

Президент сайловида олти номзод қатнашади. 26 декабрь куни Ашхободда бўлиб ўтган Халқ маслаҳати қурултойида президент сайлови муддати ва унда қатнашадиган номзодлар тасдиқланган эди. Бир ойдан ортиқ давом этган сайловолди кампанияси чоғида номзодларнинг барчаси Туркманбоши юритган сиёсатни давом эттиришни ваъда қилиб келяпти.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент Сапармурод Ниёзов вафот этгандан бир неча соат кейин унинг вазифасини вақтинча бажаришга киришган эди. Кўпчилик президент сайловида айнан Қ.Бердимуҳаммедов ғолиб чиқишини тахмин қилмоқда. Касби тиш доктори бўлган бу шахс С.Ниёзов даврида соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган.

Қ.Бердимуҳаммедов ўзининг сайловолди кампанияси давомида Туркманистоннинг маориф тизимини қайта тиклашни ваъда қилган.

“Мамлакатимиз университетларида талабаларга халқаро даражада билим берилади. Керак бўлса, дунёнинг энг яхши олий ўқув юртлари ўқитувчилари, олимлари ва мутахассисларини олиб келиб талабаларимизга билим берамиз”, – деди Қ.Бердимуҳаммедов.

Туркманистондаги давлатга қарашли ахборот воситалари асосий эътиборни барча номзодларга эмас, президент вазифасини вақтинча бажараётган Қ.Бердимуҳаммедовга қаратган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мурот Карриевнинг сайловда Қ.Бердимуҳаммедовнинг ғалабага эришиши учун “бор имкониятни ишга солиши” ҳақида берган баёноти халқаро кузатувчилар хавотирини кучайтирди.

Туркманистонлик таҳлилчилардан бири президентликка даъвогар бошқа беш номзодни қариндошларидан бошқа ҳеч ким танимаслигини айтди.

Номзодлардан бири Аширниёз Поманов Каспий денгизи соҳилидаги Туркманбоши (собиқ Красноводск) шаҳри ҳокими бўлгани учун оммага бир қадар таниш. 200 минг аҳолига эга шаҳарга 2005 йилдан бери ҳокимлик қилиб келаётган 44 ёшли А.Помановнинг сайловолди дастуридаги асосий масалалардан бири Туркманистонга сайёҳлар оқимини кўпайтиришдан иборат.

“Мен икки йилдан бери Туркманбоши шаҳри ҳокими лавозимида ишлаяпман. Ёз фаслида шаҳарга келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Уларнинг шароитини яхшилаш давлат вазифаси ҳисобланади. Бу ерга хорижликлар келиши мумкин. Туризм саноати ривожлантирилиши лозим. Давлатга айнан туризмдан даромад келиши керак”, – дейди А.Поманов.

Ашхобод ташқарисидаги 40 минг аҳолига эга Ободон шаҳрига 2005 йилдан буён ҳоким бўлган 46 ёшли Ўрозмурод Гаражаев Туркманистон президенти лавозимига даъвогарлик қилаётган номзодлардан бири. Касби муҳандис бўлган Ў.Гаражаев советлар даврида коммунистик партиянинг мафкура бўлимида ишлаган. У сайловолди кампанияси давомида эътиборни иқтисодий масалаларга қаратди.

“Барча чоралар бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиши лозим”, – деди Ў.Гаражаев.

Президентликка номзодлардан яна бири 51 ёшли Эшонқули Нуриевдир. 2005 йил декабрдан буён Туркманистон газ саноати ва минерал ресурслар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Э.Нуриев сайловолди кампанияси давомида сайловчиларга иқтисодиётни яхшилаш ва Туркманистонни иқтисодий изоляциядан чиқаришни ваъда қилди.

“Мен хусусий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга, мамлакат иқтисодиёти глобал иқтисодиётга қўшилишига, мамлакат валюта захирасини кўпайтиришга, камомад бўлмаган сердаромад бюджет ишлаб чиқишга ва маҳаллий пул бирлиги қадрини оширишга жиддий эътибор қаратаман”, - дея баёнот берган эди Э.Нуриев.

Тошҳовуз вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари 59 ёшли Омонниёз Отажиков ҳам президентликка давогарлик қилмоқда.

“Дастуримнинг асосий йўналиши деҳқончиликни севган одамларга ерни хусусий мулк қилиб бериш, ер эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликка кенг йўл очишдан иборат”, - деди у сайловчилар билан учрашувда.

Туркманистон президенти лавозими учун курашаётган номзодлардан яна бири Лебоп вилоятининг Қорабековул тумани ҳокими Муҳаммадназар Қурбоновдир. Сайловолди кампанияси давомида у Туркманистон ёшларини иш билан таъминлаш ва уларнинг шароитини яхшилашга ваъда берди.

Туркманистондаги президент сайлови халқаро талаблар даражасида бўлмаслиги кутилмоқда. Шунга қарамай, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари Туркманистонга етиб келган.

11 февраль куни Туркманистонда ўтказиладиган президент сайловининг дастлабки натижалари эртаси кун эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG