Линклар

Урумчида Ҳусайн Жалил устидан суд бошланди


Канада ташқи ишлар вазири Стивен Ҳарпер ўтган йил мартда Ўзбекистонда қўлга олинган ва 27 июнь куни Хитойга экстрадиция қилинган Канада фуқароси, асли уйғур Ҳусайн Жалил тақдиридан чуқур хавотир билдирди.

Вазир келиб чиқиши Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманидан бўлган Ҳ.Жалил ҳимоясида жиддийроқ ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади.

Бишкекдаги уйғур жамияти фаоли ва “Демократия-Инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раиси Турсун Исломнинг билдиришича, Канада ҳукуматининг Ҳ.Жалил ҳимояси учун қилаётган ҳаракатлари бесамар кетяпти.

“Хитойда инсон ҳуқуқларининг халқаро меёрлари тан олинмайди. Канададан Ҳ.Жалил ҳимояси учун адвокат ва яна бир неча жамоатчи ҳимоячи Хитойга бормоқчи эди. Бироқ Хитой элчихонаси уларга виза бермади”, - деди Турсун Ислом.

2 февраль куни Урумчи шаҳрида Ҳусайн Жалил устидан суд жараёни бошланди. Ҳ.Жалилнинг рафиқаси Комила Жалил судда Канада ҳукуматидан бирорта ҳам вакил қатнашишига рухсат берилмаганини маълум қилди.

Ҳусайннинг акаси Санъат Жалилнинг таъкидлашича, укасининг аҳволи анча жиддий. У ҳибсхонада қийноққа солинган бўлиши мумкин. Чунки унинг кўриниши яхши эмас. Қариндошлари билан гаплашишига рухсат йўқ.

Ҳ.Жалил Шинжон-Уйғур мухтор туманида фаол диний арбоб, имом сифатида таниқлидир. Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, у Хитойдаги уйғурлар манфаатини ҳимоя қилгани учун таъқибга олинган ва жазога тортилмоқда.

Ҳ.Жалил Хитой ғарбида уйғурлар ҳуқуқлари учун курашга кирган сиёсий фаоллардан бўлиб, Хитой маъмурлари томонидан қўлга олинган ва ўзининг сиёсий қарашлари учун қийноқларга солинган эди. Кейинроқ у қамоқдан қочиб, Ўзбекистонга ва сал ўтиб, Туркияга етиб олди. Сўнгра Канадага бориб, у ерда қочқин мақомини олди. Унинг оиласи 2002 йилдан буён Канаданинг Ҳамильтон шаҳрида яшайди.

Ҳ.Жалил Қирғизистондаги уйғурлар жамоаси етакчисини ўлдиришда ва бир неча террорчилик ҳаракатларида қатнашганликда айбланмоқда. У 2002 йилда Интерпол қидирувига берилган.

Комила Жалилнинг сўзларига кўра, эрига туҳмат қилиняпти. Суд унинг террорчи ёки экстремист эканини тасдиқловчи бирорта ҳам ҳужжат кўрсата олмаяпти.

“Маълумки, Хитойда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчилар ҳукумат томонидан тазйиққа учрайди ва уларга нисбатан босимлар бўлади. Улар ҳукумат учун душманга айланади. Эримга ҳам худди шундай муносабатда бўлиняпти”, - дейди Комила Жалил.

Комила Жалил асли ўзбекистонлик бўлиб, оиласи билан Тошкентга қариндошларини кўришга борган пайтда эри ҳибсга олинган.

“Эрим ҳибсга олиниши билан ўзига адвокат талаб қилди. Лекин унга адвокат берилмади. Судга икки кун қолганида унга ўзлари танлашган адвокатни таклиф қилишди. Яъни КГБ мактабини ўтаган адвокат Ҳусайн Жалилни ҳимоя қилишни зиммасига олди. Эрим судда очиқчасига унинг ёрдамидан воз кечишини айтди. Бироқ унинг гапини ҳеч ким эътиборга олаётгани ҳам йўқ”, - дейди Комила Жалил.

Халқаро уйғур жамоатчилиги Ҳ.Жалил миллатчи экстремистликда айбланиб, қатл этилишидан хавотир билдиряпти.

“Халқаро амнистия” ташкилоти ҳам уйғур фаоли тақдири хусусида ташвиш билдириб, баёнот эълон қилди.

Ҳ.Жалил устидан суд жараёни кейинги ҳафта ниҳоясига етади. Хитой расмийлари Ҳ.Жалилга ўлим жазоси қўлланмаслик ваъдасини берган.
XS
SM
MD
LG