Линклар

Адлия вазирлиги ҲРУнинг “изига тушди”

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон Адлия вазирлиги фаолияти ҳақида белгиланган муддатда мазкур идорага ҳисобот бермаган халқаро ноҳукумат ташкилотларга қарши чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ҳукуматга мойил “Пресс-ўз.инфо” сайтининг Адлия вазирлигидаги манбаага таяниб хабар беришича, ўнга яқин чет эл ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида Адлия вазирлигига ҳалигача ҳисобот топширмаган. Улар орасида “Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам бор.

“Бу ташкилотлар раҳбарлари ёзма равишда олдиндан огоҳлантирилганига қарамай, шу кунгача ҳисобот топширмади. Шундай экан, уларга нисбатан қонунда кўрсатилганидек чора кўрилади”, - деган вазирлик расмийси.

Ўзбекистон қонунларида чет эл ноҳукумат ташкилотлари уни рўйхатга олган идора - Адлия вазирлигига ҳар йили 1 февралгача ўз фаолияти, шунингдек, молия манбалари ҳамда харажатлари ҳақидаги ҳисоботни тақдим этиб бориши шарт қилиб белгиланган.

Адлия вазирлиги айбловига учраётган ҲРУ эса Ўзбекистондаги фаолиятини мутлақо маҳаллий қонунлар асосида амалга ошириб келаётганини айтмоқда.

“Биз доим қонунга риоя этишга ҳаракат қиламиз ва бу ерда ҳам фаолиятимиз қонун асосида бўлган, деб ҳисоблаймиз. Агар Ўзбекистон ҳукумати бу ерда биз учун муаммо яратишни хоҳласа, у бунга қодир. Яъни ҳукумат бунинг учун керак баҳонани топади”, - деди ҲРУ вакиласи Алисон Гилл.

Ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонасида атиги битта ходим - Андреа Берг бор. Яқинда ташкилот яна бир ходимини Ўзбекистонга юбормоқчи бўлганида унга виза берилмаган. Бу каби тўсқинликларга қарамай, ҲРУ Ўзбекистондаги фаолиятини давом эттира олишига умид қилмоқда.

“Умид қиламанки, у ердаги фаолиятимиз давом этади. Чунки биз у ерда қолган ягона халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти саналамиз ва кимдир маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан ишлаши керак. Чунки уларни ҳеч ким ҳимоя этмайди”, - деди А.Гилл.

Ўтган ойда ҲРУнинг таржимони Умида Ниёзова ҳибсга олинди ва унга қарши жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ташкилотнинг ҳукумат нишонига тушиши ана шу ҳолат билан боғлиқ эмасми, деган савол ҳам ўртага чиқмоқда.

А.Гилл хоним бу саволга жавоб берар экан: “Умидага қарши очилган жиноят иши унинг ташкилотимизга ишлагани билан боғлиқ бўлса, бунинг учун у эмас, биз жавоб беришимиз керак бўлади ва бу учун унинг жазоланиши нотўғри”, - деди.

“Озодлик” мухбирининг халқаро ташкилотлар, жумладан, ҲРУ ўз фаолияти ҳақида вақтида ҳисобот топширмагани ва бунинг учун уларга тегишли чора кўрилиши ҳақидаги маълумотга ойдинлик киритиш учун Адлия вазирлигига қилган мурожаати жавобсиз қолди.

ҲРУ Ўзбекистонда 1996 йилдан бери ишлаб келади. Ўз ҳисоботларида бу ташкилот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти, қамоқхоналардаги ҳолатлар ҳақида маҳбуслар ва уларнинг қариндошлари берган маълумотлар асосида ҳисоботлар тайёрлаб келади. Ташкилот сўнгги ҳисоботида 2006 йил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида охирги 15 йил ичидаги энг аянчли йил бўлганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG