Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:05

ҲРУ ЕИ Ўзбекистонга нисбатан кескин позицияда бўлишини истайди


“Ҳьюман райтс уотч” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмийлари яна бир бор Европа Иттифоқини Ўзбекистонга нисбатан ўз позициясини кескинлаштиришга чақирди.

Келаси ҳафталар ичида ЕИ ташқи ишлар вазирлари кенгашида Ўзбекистонга нисбатан 2005 йил охирида жорий қилинган санкциялар тақдири муҳокама қилиниши белгиланган. Шу кунларда мазкур санкцияларни бекор этиш таклифини ўртага қўйган ЕИнинг амалдаги раиси Германия ҳукумати тузилма аъзолари ичидан ўз ëндашувига таянч топишга уринмоқда. Расмий Берлин фикрича, Ўзбекистонга нисбатан кескин ëндашув самара бермади ва мамлакатдаги аянчли инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашнинг мақбул йўли Тошкент билан мулоқот олиб бориш ва уни ЕИ билан иқтисодий ҳамкорликка жалб қилишдир.

Аммо ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиë бўлими директори Рейчел Денбер Германия ҳукуматининг бундай позицияси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини янада ночорлаштиришга сабаб бўлишидан хавотирда.

“Мазкур санкциялар ноябрь ойида юмшатилди ва шундан бери Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вазиятини сал бўлса-да, яхшилаш истагида эканини мутлақо кўрмадик. Аксинча, Ўзбекистонда қолган саноқли ҳуқуқ фаоллари ҳам қамоққа олинди. Расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари вазиятининг яқин орада яхшиланишига бирор умид бераëтгани йўқ”, - дейди Рейчел Денбер.

ЕИнинг Германия каби айрим аъзолари Ислом Каримов ҳукуматини демократия ва инсон ҳуқуқлари борасидаги ночор вазият учун яккалаб қўйиш стратегик жиҳатдан хато, деган фикрда. Иттифоқ санкцияларини яна кучда қолдириш минтақа марказида жойлашган Ўзбекистонни Россия ва Хитой оғушига итариш бўлади ва бу келажакда Европа учун қимматга тушиши мумкин, деб асослайди бундай иддаони немис сиëсатчилари.

ҲРУ вакиласи Рейчел Денбер эса бундай қарашнинг ўзи фундаментал жиҳатдан хато эканини айтади.

“Мен у ëки бу мамлакатни ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақириш ва бунинг учун имкондаги барча дипломатик воситаларни ақл билан ишга солиш орқали бундай мамлакатни йўқотиш эмас, балки уни ўзимизга янада яқинлаштирамиз, деб ўйлайман”, - дейди Р.Денбер.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, қолаверса, ЕИнинг Буюк Британия каби аъзолари кучли халқаро босим ва кескин ëндашувгина И.Каримовни инсон ҳуқуқлари вазиятида сал бўлсин ўзгариш қилишга мажбурлаши мумкин, деган ишончда. Бироқ Германия бунга тескари ëндашувни ўтказишга уринмоқда.

Р.Денбернинг таъкидлашича, ЕИ аъзолари ўртасидаги бундай бўлиниш И.Каримовнинг тегирмонига сув қуймоқда.

“Менимча, ЕИ ва унга аъзо давлатлар ўзаро бирлашиб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш тузилманинг Марказий Осиëдаги стратегик манфаатлари учун ўта муҳимлиги борасида якдил ëндашув ишлаб чиқишга масъулдир. Бу масалада иттифоқ ичидаги бирлик қанча сусайса, И.Каримов позицияси шунча кучаяди”, - деди Рейчел Денбер.
XS
SM
MD
LG