Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:26

Туркманистонликлар ўзига президент сайлайди


Туркманистонда 11 февраль куни бўлиб ўтадиган президент сайлови мамлакат тарихида илк бор биттадан кўп номзод иштирок этаётгани билан аҳамиятлидир. Номзодларнинг кўпчилиги оммага яхши танилмаган мансабдорлардир.

26 декабрь куни Ашхободда ўтказилган Халқ маслаҳати қурултойида президент сайлови муддати ва унда қатнашадиган номзодлар тасдиқланган эди. Бир ойдан ортиқ давом этган сайловолди кампанияси давомида номзодларнинг барчаси Туркманбоши юритган сиёсатни давом эттиришни ваъда қилган.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов президент Сапармурод Ниёзов вафот этгандан бир неча соат кейин унинг вазифасини вақтинча бажаришга киришган эди. Кўпчилик президент сайловида айнан Қ.Бердимуҳаммедов ғолиб чиқишини тахмин қилмоқда. Касби тиш доктори бўлган бу шахс С.Ниёзов даврида соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган.

У ўзининг сайловолди кампанияси давомида Туркманистоннинг маориф тизимини қайта тиклашни ваъда қилди.

“Мамлакатимиз университетларида талабаларга халқаро даражада билим берилади. Керак бўлса, дунёнинг энг яхши олий юртлари ўқитувчилари, олимлари ва мутахассисларини олиб келиб талабаларимизга билим берамиз”, – деди Қ.Бердимуҳаммедов.

Туркманистондаги давлатга қарашли ахборот воситалари бошқа номзодларга эмас, балки айнан Қ.Бердимуҳаммедовга асосий эътиборни қаратган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мурот Карриевнинг сайловда Қ.Бердимуҳаммедов ғалабага эришиши учун “бор имкониятни ишга солиши” ҳақида берган баёноти халқаро кузатувчилар хавотирини кучайтирди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеяси президенти Горан Леннмаркер Туркманистон халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлашига умид билдирди.

Франс пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, Г.Леннмаркер Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва парламент депутатлари билан Ашхободда бўлиб ўтган учрашувдан кейин шундай баёнот берган.

11 февраль куни Туркманистонда ўтадиган президент сайловида овоз бериш жараёнини кузатиш учун ЕХҲТ ўзининг бир неча вакилини жўнатган. Аммо улар сайловда ташкилотнинг расмий кузатувчилари сифатида қатнашмайди.

11 февралдаги сайловнинг дастлабки натижалари эртаси кун эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG