Линклар

Хавфсизлик муаммоларига бағишланган халқаро анжуман очилди

  • Ҳасанжон

Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик муаммоларига бағишланган 43-анжуман бошланди. Йиғилишда сўзга чиққан Германия канцлери Ангела Меркел дунё ҳозир дуч келаётган энг катта хавф глобал иқлим исиши эканини билдирди.

У ҳукуматларни бу жараённи тўхтатиш учун жиддий чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, А.Меркел Эрон ядровий қуролни қўлга киритиш уринишидан воз кечиши кераклиги борасида халқаро ҳамжамият якдил эканини таъкидлади.

Мюнхен анжуманида қатнашаётган Россия президенти Владимир Путин АҚШ ва НАТОни дунё хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирди.

У АҚШ ва Ғарб давлатларини бошқаларга ўз иродасини ўтказишга ҳаракат қилаётганликда ва бир қутбли дунё яратишга уринаётганликда айблади.

“Ҳозир жаҳонда содир бўлаётган воқеалар бир қутбли дунё яратиш йўлидаги уринишлар оқибатидир. Бу уриниш қандай натижа берди? Бир томонлама, аксарият ҳолларда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар ҳатто битта муаммони ҳал қилгани йўқ. Аксинча, янги инсоний фожеалар ва кескинликни юзага келтирди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, урушлар - маҳаллий ва минтақавий урушлар сони камайгани йўқ. Бу урушларда одамлар олдингига қараганда кўпроқ, анча кўп ўлмоқда”, - деди Россия раҳбари.

Ҳарбий куч сўнгги чора сифатида БМТ рухсати билан қўлланилиши кераклигини таъкидлаган В.Путин хавфсизликнинг сусайиши айрим давлатларни оммавий қирғин қуроллари яратишга ундаётгани ҳақида огоҳлантирди.

В.Путин АҚШ ва Европа давлатларининг Косово мустақиллиги ҳамда Эроннинг ядровий дастури масалаларида тутган позициясини Россия қўллаб-қувватламаслигини айтди.

В.Путиндан олдин чиқиш қилган Германия канцлери Ангела Меркел Эроннинг ядровий дастури масаласига тўхталиб, Теҳрон расмийларининг БМТ ва Атом энергияси халқаро агентлиги талабларини бажаришдан бошқа чораси йўқлигини таъкидлади.

“Эрон БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Атом энергияси халқаро агентлиги бошқарув кенгаши томонидан қабул қилинган резолюциялар талабларини бажариши керак. Бундан бошқа йўл йўқ. Бу масала муҳокама қилинмайди. Бу жуда хатарли технология ва бу борадаги ҳамма ишлар ошкора амалга оширилиши керак”, - деди Ангела Меркел.

Мюнхен анжуманида Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний ҳам қатнашмоқда. Унинг 11 февраль куни нутқ сўзлаши режалаштирилган.

10 февраль куни журналистларга интервью берган Али Ларижоний Эроннинг ҳарбий доктринаси ўз-ўзини мудофаа қилишга қаратилганини таъкидлади.

“Бизнинг барча ҳарбий техникамиз ва тизимимиз ўз-ўзини мудофаа қилишга қаратилган. Миллий хавфсизлик доктринамиз фақат мамлакат мудофаасига қаратилган. Шунинг учун минтақа ва бутун дунёга айтадиган энг яхши гапимиз тинчлик ва тинчликка эришишга уринишдир. Биз дунёда тинчлик ўрнатишга қаратилган уринишларга ҳисса қўшишга тайёрмиз”, - деди Али Ларижоний.

Хавфсизлик муаммоларига бағишланган икки кунлик халқаро анжуманда 250га яқин делегат, жумладан, 40 нафар мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда. Улар орасида АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс ва НАТО бош котиби Яаап де Ҳооп Схеффер ҳам бор.
XS
SM
MD
LG