Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:32

Туркманлар ўзига янги президент сайлади


11 февраль куни Туркманистон тарихида илк бор олти номзод иштирокида президент сайлови бўлиб ўтди. Сайлов Ашхобод вақти билан эрталабки саккизда бошланиб, кечқурун соат олтида тугади.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси кундуз соат 12 да ялпи сайловчиларнинг учдан иккиси, яъни 66 фоизи, соат 17 да эса 94 фоизи овоз бериб бўлгани ҳақида маълумот тарқатди.

Шунга қарамай, мустақил манбалар президент сайловида фуқароларнинг фаол қатнашмагани ҳақида маълумот тарқатмоқда.

“Мен тўққизта сайлов участкасига бордим. У ерда одам оз эди. Сайлов комиссияси вакиллари кўчама-кўча юриб, агар кимда-ким сайловга келмаса, у ойда бериладиган олти кило ундан маҳрум бўлишини айтиб юрибди. Сайлов қутилари шишадан ясалган. Шиша қутилар ичидаги сайлов варақалари сони кўп эмаслиги шундоқ кўриниб турибди”, - дейди сайловчилардан бири.

“Озодлик”нинг Туркманистондаги мухбири Холмурод Қиличдурдиев илгари мамлакатда сайловларда байрам руҳи бўлгани, бу сафар эса ундай эмаслигини маълум қилди.

Аммо Туркманистон телевидениеси сайлов кўтаринки руҳда ўтаётгани ҳақида кетма-кет репортажлар бериб турди.

“Сайловга келган одамлар юзларида шодлик. Ҳар ким ўзи муносиб кўрган номзодга овоз бермоқда. Биз ҳам бугун эрта саҳардан сайловга келиб, ўзимиз маъқул кўрган номзод учун оиламиз билан овоз бердик”, - дейди ТВ орқали чиқиш қилган сайловчилардан бири.

“Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбири сайлов кабиналарида сайлов варақасини тўлдириш учун ручка эмас, қалам қўйилгани, бу эса белгини ўчирғич билан ўчириш учун яхши имконият эканини маълум қилди.

“Сайловчилар номи ҳам рўйхатларда қалам билан ëзиб қўйилмоқда. Ҳар бир сайлов комиссияси фаоли ўчиргич билан таъминланган”, - дейди мухбир.

Шунингдек, сайловда бир кишининг бир неча одамга овоз бериш ҳолатлари кузатилган.

Туркманистондаги сайловда қатнашган 6 номзод орасида муваққат президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг ғалабага эришиш имконияти кўп экани тахмин қилиняпти.

Туркман мухолифатининг сайловда иштирок этишига йўл қўйилмади.
Туркманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Авди Қулиев 11 февраль кунги сайловни тан олмаслигини билдирди.

“Бу сайлов қонуний эмас. Бу халқнинг сайлови эмас. Менимча, бир йилнинг нари-берисида Туркманистонда яна қайтадан сайлов ўтказилади”, - дейди А.Қулиев.

“Ўзбекистон ташаббуси – Лондон” ташкилоти раҳбари Шоҳида Ёқуб сайлов Туркманистонда ўзгариш ясашига шубҳа билан қарайди.

“Қандайдир кичик ўзгаришлар бўлиши мумкин, аммо бу катта сиëсий ўзгаришларга олиб бормайди. Туркманистон авторитар давлат бўлиб қолаверади”, - дейди Ш.Ёқуб.

Ш.Ёқуб Туркманистонда вазият ўзгариши Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга таъсир этмаслигини айтар экан, сўзининг исботи сифатида икки йил олдин Қирғизистонда бўлган “рангли инқилоб” Ўзбекистон учун сезиларсиз ўтгани, қайтага мамлакатда тазйиқлар авж олганини таъкидлади.

Туркманистон ташқарисида яшовчи туркманистонликлар ўз фуқаролик бурчини амалга ошира олмади. Аммо улар бу жараённи диққат билан кузатиб борди.

Туркманистонликлар авторитар ҳукмдор Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин ўтказилаётган бу сайлов мамлакатга сиёсий юмшоқ иқлимни юзага келтиришига умид қиляпти.
XS
SM
MD
LG