Линклар

logo-print

Ўзбекларнинг янги Туркманбошидан умидлари бор


11 февраль куни Туркманистонда бўлиб ўтган президент сайловини Ўзбекистоннинг бу мамлакат билан чегарадош ҳудудларида яшовчи аҳолиси ҳам катта қизиқиш билан кузатди.

Бу икки қўшни мамлакат чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли учун умумий бўлган муаммолар анчагина экани сабабли Туркманистондаги сайловга бўлган эътибор табиийдир.

Маълумотларга кўра, биргина Хоразмда 8 мингдан ортиқ туркман яшайди. Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида эса 700 мингдан ортиқ ўзбек бор. Туркманистонда жами 1 миллионга яқин ўзбек истиқомат қилади.

Улар икки давлат халқлари ўртасидаги асрлар давомидаги борди-келди муносабатлари кейинги пайтда дарз кетаётганидан ташвиш билдирмоқда.

Туркманистондаги президент сайловидан хоразмликларнинг ҳам умидлари катта. Урганчлик Ўғилжон опа бу сайлов халқлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга турки бўлишидан умидвор.

“Биринчи навбатда, адолатли президент бўлиши керак. Халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатни яхшиласа, дуруст бўларди. Хоразмлик туркманлар Туркманистонга бора олмайди. Улар ота-оналари билан йилда бир марта учрашса учрашади, бўлмаса у ҳам йўқ”, - дейди Ўғилжон опа.

Касби ҳайдовчи бўлган Болтабой эса Туркманистонда бензин арзонлигини ва ундан хоразмликлар ҳам фойдаланиш имкони пайдо бўлишини кутяпти.

Ўзбекистон президентлигига бўлиб ўтиши кутилаётган сайловда ўз номзодини қўйиш ниятида юрган хоразмлик Суҳбат Абдулла, аввало, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши тарафдори.

“Ўзбеклар, туркманлар, қирғизлар, умуман туркий халқлар ўртасида ҳеч қачон маънавий чегара бўлган эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки улар барчаси турк қавми. Туркманистонда олти номзоддан қайси бири сайланишидан қатъий назар, мен ундан халқаро муносабатларда, энг аввало, ўша қариндошлик томонига асосий эътибор қаратишни сўрардим. Ўзбек билан туркман, Хоразм билан Тошҳовуз халқи эт билан тирноқдай бир-бирига боғланиб кетган. 21-асрда инсон ойга чиқиб, уни забт этаётган бир пайтда миллатлар ўртасига чегара қўйиб, миллатчилик қилиш беъманилик”, - деди С.Абдулла.

Туркманистонга келин бўлиб тушган ўзбекистонлик аёлларнинг аянчли тақдири кўпчиликни ташвишга солаётир ва улар янги туркман ҳукумати бу муаммони ҳал қилишини истайди.

“Туркманистонга келин бўлиб кетганлар қайтиб келяпти. Фарзандлари Туркманистонда, оналари Ўзбекистонда. Бу аёлларга Туркманистон фуқаролигини бермасдан, Ўзбекистонга депортация қилиб юборишди. Ҳозир эр-хотинни бир-биридан, онани боладан ажратиб қўйишган. Бу давом қилиши мумкин эмас. Янги туркман президенти ойнада қийшиқ кўринадиган бунақанги ҳолатларни тўғрилашга ҳаракат қилади, деб ўйлайман”, - деди С.Абдулла.

Журналист Тўлқин Қораев қашқадарёликлар ҳам Туркманистондаги сайловдан кейин ижобий ўзгаришлар бўлишини кутаётганини айтади.

“Қашқадарёликларнинг асосий умиди икки давлат ўртасидаги чегаранинг очилишидан. Чунки Туркманистонда товарлар арзон, Ўзбекистонда иқтисодий қийинчиликлар давом қилаётган бир пайтда у ёқдан товар олиб келишнинг афзалликлари кўп. Бу сайлов ижобий натижа бериб, Туркманистон келажакда демократик мамлакатлар сафига қўшилса, диктаторлик режими ўрнатилган Ўзбекистоннинг ёнида яна битта демократик мамлакат пайдо бўлиши, табиийки, Ўзбекистон сиёсий ҳаётига ҳам таъсир қилмай қолмайди”, - деди журналист.

Қашқадарёлик Ёдгор Турлибеков ҳам икки халқнинг ўртасидаги чангал симлар, чегарада халқнинг бориш-келишига, савдо-сотиғига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар йўқотилишини, камайишини кутаётганини билдирди.

Хоразмлик Озод Масауров эса бундан кейин ҳам ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонмайди.

“Чегаралар очилишини, албатта, истаймиз, лекин айни пайтдаги вазиятдан мен бу нарсани кутмаяпман очиғи. Майли, Туркманистонда яхши бир одам президент бўлсин ҳам дейлик, лекин Ўзбекистондаги сиёсат ўз ҳолича қолаётир. Шунинг учун мен бу сайловдан ижобий ўзгаришлар бўлишини кутмаяпман”, - деди О.Масауров.

Турманистоннинг янги президенти сўнгги 10 йиллар давомида тўхтаб қолган ўзбек-туркман маданий алоқалари тикланишини исташини айтади хоразмлик Қурбонбой Матризаев.

“Бир пайтлари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги маданий алоқалар яхши эди. Масалан, Махтумқули юбилейини Хоразмда, Алишер Навоийнинг юбилейини Тошҳовузда ўтказардик. Шу каби маданий алоқалар жуда мустаҳкам эди. Ана шу алоқалар тикланса деймиз”, - дея умид қилади Қ.Матризаев.

“Эзгулик” жамияти Хоразм вилояти бўлими раиси Қаландар Самандаров ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси Комил Нуржонов фикрича, айни пайтда Туркманистон ўзбекларининг ҳуқуқлари камситиляпти, улар жамият бошқарувидан аста-секин четлаштирилмоқда.

“Туркманистонда ўзбекларга паспортига туркман, деб ёзишни сўрашади. Ўзбекистондан келин бўлиб тушган аёлларга ўн йил ўтса ҳам фуқаролик берилмаяпти. Ўзбеклар раҳбарлик лавозимларидан маҳрум қилинди. Шунингдек, ўзбек тилидаги мактаблар бутунлай йўқотилди. Янги президент буларни ҳал қилса, яхши бўларди”, - дейди суҳбатдошлар.

Хуллас, ўзбекистонликларнинг Туркманистондаги президент сайловидан умидлари катта. Лекин бу умидлар рўёби янги Туркманбошининг қандай сиёсат олиб боришига кўп жиҳатдан боғлиқ.
XS
SM
MD
LG