Линклар

logo-print

Мақталган “келин” ҳақиқатан ҳам яхшими?

  • Озодлик

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармонига асосан 1992 йил 28 январда ташкил этилган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси бу йил ўзининг 15 йиллигини нишонламоқда.

Мазкур фармондан кейин мустақил Ўзбекистон фуқаро авиацияси тарихида янги давр бошланди.

Кўп ўтмай, Янгийўл-Чиноз атрофидаги ҳудудда Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қад кўтариши ҳақида гаплар пайдо бўлди. Бироқ унинг ўрнига халқаро йўналишлар учун кичик бўлган аэропорт замонавийлаштирилди.

Бугун хориждан учиб келадиган йўловчиларга Тошкент халқаро аэропортидаги хизматларининг ўта ноқулайлиги кўпчиликка сир эмас.

Мутахассислиги бўйича учувчи Ўктам Шабонов парвозлар хавфсизлиги ҳақида гапирар экан, 2004 йил 13 январда Термиз-Тошкент йўналишида парвоз қилаётган “Як-40” русумли самолёт ҳалокатга учраб, ундаги 37 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлганини ëдга олади.

“Бугун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси энг замонавий самолётларга эга. Учувчилар эса малакали. Улар “Lufthansa Picnic” компаниясида малака оширади. Умуман Европа андозалари талабларига жавоб берувчи учувчилар бошқаради самолëтларни”, - дейди Ў.Шабонов.

Тошкент осмонида икинчи фалокат эса 2006 йил 19 октябрда юз берди. Тошкент яқинида ҳарбий самолёт ҳалокатга учрагани оқибатида 13 ҳарбий ва икки экипаж аъзоси ҳалок бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда авиакомпания дунëнинг 40дан ортиқ мамлакатига парвоз уюштиради, 24 та мамлакатда 43 дан ортиқ ваколатхонаси бор, йилига икки миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатади, 60 дан ортиқ халқаро келишув имзолаган.

Кузатувчилар ҳаво транспорти соҳаси бугунги кунда ҳукуматнинг қўллаб-қувватлови эвазига бир текисда фаолият юритаётганини айтади. Буни авиакомпания ходимлари ҳам яширмайди.

“Бизнинг муваффақиятларимиз ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши натижасидир. Чунки ҳукумат кафолати билан биз кредитга хорижда ишлаб чиқилган самолëтларни сотиб оляпмиз. МДҲ ҳудудида эски совет самолëтларидан воз кечиб, янги хорижий самолëт сотиб олаëтган саноқли ширкатлардан бири бўлиб қоляпмиз”, - деди авиакомпания ходими.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авикомпанияси тижорат департаменти директори ўринбосари Неъмат Исроилов “Озодлик”ка берган интервьюсида: “Йўловчилар сони, МДҲ бўйича рейслар кўпаймоқда. Европа ва бошқа мамлакатлардан келаëтган сайëҳлар сони ортмоқда. 2005 йилда Франциядан 6,5 минг сайëҳ келган бўлса, 2006 йилда бу рақам 9 мингни ташкил этди. Ўтган йил декабрда Италиядан 260 сайëҳ келди. Бу ҳам ривожланишнинг бир белгисида”, - деди.

Аммо сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев бу мақтанишлар ҳақиқатдан анча йироқ эканини таъкидлайди.

“Ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги энг яхши меҳмонхоналар, ресторанлар бўш. Франкфурт, Лондонга ҳафтада 1-2 рейс уюштирилади. Келаëтган йўловчилар сони ниҳоятда кам. Шахсан мен раҳбарларнинг авиакомпания фойда кўриб ишлаётгани ҳақидаги гапларига ишонмайман”, - дейди Т.Йўлдошев.

Ўзбекистонлик учувчи Ўктам Шабонов ҳам авиакомпаниянинг техник ҳолати яхши экани, аммо аэропортлар ходимлари ўта коррупциялашганини билдирди.

“Самолëтда бўш жойлар кўп бўлса-да, билет йўқлигини айтишади. Аммо ўша ердаги милиция, кассир ëки бошқа бировга қўшимча 10-20 минг сўм берилса, билет ҳам топилади”, - дейди Ў.Шабонов.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент-Москва йўналишида учадиган самолёт йўловчилар билан тўла бўлган тақдирда билет нархи 110 доллар бўлса ҳам фойда келтиради. Ваҳоланки, ҳозир бу йўналишда чипта нархи бундан икки баробар қиммат. Бунинг устига, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипталарни юқори нархда сотаётгани хорижий авиакомпанияларни ҳам билет баҳосини кўтаришга мажбур қилмоқда.

Чипта қимматлиги, рейслар белгиланган вақтдан кеч амалга оширилиши, парвоз давомида йўловчиларга етарли эътибор берилмаслиги эса йўловчилар учун асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Аммо расмийлар бу ҳақда лом-мим дейишни истамайди.
XS
SM
MD
LG