Линклар

Мижозлари “Coscom” тарк этмоқда

  • Озодлик

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарори билан яқинда фаолияти ўн кунга тўхтатилган “Coscom” компанияси тез кунда “Мегафон” савдо белгиси остида хизмат кўрсатишга ўтиши тахмин қилинмоқда.

GSM 900/1800 стандарти бўйича мобиль телефон хизмати кўрсатадиган “Coscom” фаолиятининг тўхтатилишига айнан “Мегафон”нинг унга бўлган қизиқиши асосий сабаб экани ҳақидаги гап-сўзлар ҳали ҳам тингани йўқ. Лекин “Coscom”нинг лицензия талабларини бузгани, яъни мижозларга хизмат кўрсатишдаги техник муаммолари компаниянинг вақтинчалик ишламаётгани масаласида айтилаётган расмий сабабдир.

“Coscom” фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилиши қарийб 400 минг мижоз учун кутилмаган бўлди. Чунки уларнинг аксарияти компаниянинг давлат идоралари билан зиддияти ҳақида эшитмаганди. Хуллас, 7 февраль куни “Coscom” ўз мижозлари огоҳлантирмай, алоқадан маҳрум қилди.

Мижозлар учун телефон муҳим, шунинг учун уларнинг кўпчилиги “Coscom” ўз муаммосини қачон ҳал қиларкин, деб кутиб ўтирмаяпти. Уларнинг аксарияти бошқа компанияларга ўтиб кетишга ҳам улгурган.

“Coscom”нинг ўзини Алижон деб таништирган бош муҳандиси эса компания ҳозир муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаётгани, 15 февралгача эса яна ишга тушишини билдирди. У “Coscom”нинг Россиянинг “Мегафон” компаниясига сотилиши ҳақидаги гап-сўзларга ҳам тушунтириш берди.

“Ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай хабар йўқ. Компаниямизни “Мегафон” сотиб олиши 100 фоиз аниқ эмас. Тўғри, шундай гаплар бор, аммо бу маълумотлар ҳали тасдиқланмаган”, - деди бош муҳандис.

“Мегафон” ўтган йил кузда “Coscom”ни сотиб олиш масаласида музокаралар ўтказган, бироқ бу музокаралар натижасиз тугаганди.

“Мегафон”нинг бош акциядорларидан бири бўлмиш “Телеком инвест” очиқ ҳиссадорлик жамияти вакиласи Людмила Чехова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда компания Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирганини тасдиқлади.

“Билишимча, бўлиб ўтган музокаралар ҳақида “Мегафон” ҳеч қандай изоҳ бермаган. Тўғри, компания Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиш билдираëтган эди. Буни ўзингиз ҳам тушунсангиз керак. Мобиль алоқа бозори ривожланмоқда. Бизнесни кенгайтириш керак. Аммо бу музокаралар ҳақида ҳали аниқ бир гап айтилмаган”, - деди Людмила Чехова.

Сўнгги вақтлар ичида Ўзбекистонда техник носозликларни бартараф эта олмагани иддаоси билан иккита мобиль алоқа компанияси иши тўхтатилган эди. 2005 йил февралда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғи билан “SkyTel” иши тўхтатилиб, кейинчалик унинг ўрнини “Ўзбектелеком мобайл” эгаллаганди. Ўша йилнинг августида эса GSM стандартида хизмат кўрсатувчи “Uzmacom” компанияси ҳам ëпилиб, кейинчалик “Вымпелком”га сотиб юборилганди.

“Coscom” эса, ёпилиш таҳдиди кучаяётганига қарамай, ўз мижозларини компания билан қолишга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG