Линклар

“Ортиқча шовқин” Жорж Бушга ёқмади

  • Ҳасанжон

Жорж Буш АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий куч қўллашга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги гап-сўзлар Оқ уйнинг Теҳронга нисбатан стратегиясини тушунмаган сиёсий рақибларнинг “шовқини” эканини билдирди.

Дунёдаги кўплаб оммавий ахборот воситалари Оқ уй ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга ҳаво зарбалари беришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида сўнгги вақтларда жуда кўп ёзмоқда. Оқ уйнинг Эрон борасидаги режаси шу кунларда Вашингтонда ҳам қизғин муҳокама қилинаётир.

Буюк Британияда чиқадиган “Sunday Times” газетасининг Исроил расмийларига асосланиб 7 январь куни тарқатган хабарига кўра, Исроил ер ости бункерларини йўқ қиладиган бомбалар ёрдамида Эроннинг уранни бойитиш иншоотларига зарба бериш режасини ишлаб чиққан. Бироқ эртасига Буюк Британиядаги газеталар Исроил расмийлари Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳронни дипломатик йўл орқали ҳал этишни хоҳлашини билдирди.

Ўз навбатида, АҚШ расмийлари ҳам Эронга нисбатан ҳарбий куч қўлланилмаслигини маълум қилди. АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс 2 февраль кунги чиқишида Эронга қарши уруш режалаштирилмаётганини айтганига қарамай, бу борадаги мубоҳасалар давом этмоқда.

Ўтган ойда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс билан сўзлашган демократ сенатор Жозеф Байден Оқ уйни Ироқ борасида пухта дастур йўқлигида айблаган, шунга қарамай, Жорж Буш маъмурияти уруш оловини энди Эрон ва Сурияга ҳам ёйишни режалаштираётган бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди.

“Биз икки масалани назарда тутган дастурни эшитишга умид қиламиз. Яъни Америка қўшинлари олиб чиқила бошланишини ва ортда барқарор вазият ўрнатилган Ироқ қолишини эшитишни хоҳлаймиз. Бунинг ўрнига, биз нафақат Ироқ, балки Эрон ва Сурияда ҳам урушни кучайтириш режаси ҳақидаги гапларни эшитяпмиз. Менимча, президентнинг бу стратегияси муаммога ечим эмас, Райс хоним. Менимча, бу фожеавий хатолик”, - деган эди Жозеф Байден.

Демократик партиянинг Конгрессдаги раҳбарлари Эронга қарши куч қўллашдан олдин президентнинг Конгресс рухсатини олиши ҳақида бажарилиши мажбурий бўлмаган резолюцияни қабул қилди.

Аммо 12 февраль куни АҚШдаги телеканаллардан бирида чиқиш қилган президент Жорж Буш уруш ҳақидаги миш-мишларни ўринсиз шовқин, дея атади.

“Менинг урушни хоҳлаётганим ҳақидаги гапларга келсак, биринчидан, мен бундай тактикани тушунмайман ва менимча, бу иддаолар сиёсий асосга эга. Бошқа томондан, мен Конгресс, айниқса, мухолифат аъзолари Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши катта хавф туғдиришини тушунишига умид қиламан. Шунинг учун муаммони ҳал қилиш йўлида ҳаммамиз бирга ишлашимиз керак”, – деди АҚШ раҳбари.

Жорж Буш Эронга нисбатан кенг қамровли дипломатик стратегияга эга эканини қайд этиб, ҳарбий куч қўллаш охирги чора эканини таъкидлади.

“Катта муаммоларнинг ҳаммаси дипломатик йўл орқали ҳал этилиши лозим. Бошқача айтадиган бўлсам, ҳарбий куч қўллаш муаммоларга ечим топишнинг охирги чорасидир. Менимча, биз бу муаммони ҳозир ҳам дипломатик йўл орқали ҳал этиш имкониятига эгамиз. Чунки дунёнинг катта қисми Эрон ядровий қуролга эга бўлса, бу қандай хавф пайдо қилишини яхши тушунади. Биз бу йўналишда ишлаяпмиз ва режимга дипломатик йўллар орқали босим ўтказяпмиз”, – деди АҚШ президенти.

Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш борасида АҚШнинг иттифоқчилари ҳам саъй-ҳаракат қилмоқда. Хусусан, 12 февраль куни Европа Иттифоқи Теҳронни уранни бойитиш дастурини тўхтатишга мажбурлаш учун унга нисбатан чекланган санкциялар жорий этиш ҳақида қарор қабул қилди.
XS
SM
MD
LG