Линклар

Европа Иттифоқи Марказий Осиёда тўртта элчихона очиш ниятида

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқи 2008 йилга қадар Марказий Осиё давлатларида тўртта элчихона очишни режалаштирмоқда. Бундан асосий мақсад эса энергия таъминоти масаласида тузилманинг Россияга қарамлигини камайтиришдан иборат.

ЕИга раислик қилаётган Германия шу ой бошида аъзо давлатларга мазкур тузилма стратегияси ҳақидаги ҳужжатни тақдим этди. Унда ЕИнинг Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан дипломатик алоқаларини мустаҳкамлаш, хусусан, бу давлатларда, айниқса, улкан газ захираларига эга Қозоғистон ва Ўзбекистонда ЕИ элчихоналарини очиш ва вакиллар сонини кўпайтириш назарда тутилган.

Буюк Британиядаги “Economic Intelligence Unit” тадқиқот маркази вакиласи Анна Уолкер ЕИнинг МОда элчихоналар очишга уриниши сабаблари ҳақида гапирар экан: “Бунинг бир неча сабаби бор. ЕИ МОда барқарорликни мустаҳкамлашни хоҳлайди. Германия ва бошқа давлатлар ҳарбийлари Афғонистондаги халқаро тинчликпарвар кучлар таркибида хизмат қиляпти. Шу боис, ЕИ ҳам, Афғонистон ҳам унга қўшни давлатлар билан мустаҳкам дипломатик алоқа ўрнатишни хоҳлайди. Иккинчидан, энергия ҳам муҳим масала ҳисобланади. ЕИ энергия таъминоти масаласида Россиянинг нефть ва газига қарамликни камайтириш мақсадида янги манбаларни топишга ҳаракат қиляпти. Марказий Осиё эса ЕИни энергия билан таъминловчи манба бўлиши мумкин”, - деди.

Германия ташқи алоқалар кенгаши таҳлилчиси Александр Рау расмий Берлин ЕИга раислик даврида тузилманинг энергия манбасини кўпайтиришга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилади.

“Ҳозир ЕИга раҳбарлик қилаётган Германия энергияни Россиядан бошқа давлатлардан импорт қилишга жиддий интилмоқда. Марказий Осиёдаги йирик давлат бўлган Қозоғистон бу борада яқин ҳамкорга айланди”, - дейди германиялик таҳлилчи.

Ғарб давлатлари Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари масаласида жиддий танқид қилиб келмоқда. ЕИнинг МО давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан яқин дипломатик алоқалар ўрнатиши бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг яхшиланишига олиб келиши мумкинми?

“Инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмон бўлган Ўзбекистон каби давлатлар билан алоқа ўрнатиш керакми ёки бу давлатларни изоляция қилиш керакми, деган масала хусусида турли фикрлар билдириб келинмоқда. Германия ва ЕИнинг бошқа давлатлари бундай мамлакатлар билан мулоқот ўрнатиш инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашда ижобий натижа беради, деган фикрда. Ҳозир Ўзбекистон ЕИ билан мулоқот ўрнатиш истагини билдираётган кўринади. Аммо мен Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи жиддий яхшиланганини кўрмаяпман”, - дейди британиялик таҳлилчи Анна Уолкер.
XS
SM
MD
LG