Линклар

Ўзбекистон иқтисодиётидаги “оламшумул ўсишлар”

  • Озодлик

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил якунларига бағишланган мажлисида мамлакат иқтисодиёти “эришаётган ютуқлар” ҳақида тўлиб-тошиб гапирди.

Унинг сўзларига кўра, 2006 йилда ялпи ички маҳсулот 7,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 10,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоиз, пулли хизматлар кўрсатиш 19,3 фоиз, пудрат қурилиш ишлари 12,8 фоиз ўсган.

Президент 2007 йилги иқтисодий ривожланишни еттита ҳаëтий муҳим йўналишда кўришини таъкидлади. У энг муҳим йўналишлар сифатида иқтисодиётнинг барқарор ва мувозанатлаштирилган ўсиши, энг муҳим соҳаларнинг техник ва технологик янгиланиши, солиқ сиёсатининг янада либераллаштирилишини тилга олди.


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ёзишича, президент бизнес, аввало, кичик бизнес учун максимум қулай шароит яратиш ва давлатнинг иқтисодиётга аралашувини аста-секин камайтириб бориш кераклигини қайд этган.

Президент, шунингдек, хорижий сармояларни жалб қилиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш, банк-молия тизимини такомиллаштириш ҳамда коммунал хўжаликдаги ислоҳотларни давом эттириш лозимлигига алоҳида урғу берди.

“2006 йил бутун дунëга, бутун жаҳонга ўзбек миллати нимага эришиши мумкинлигининг фақат бир қисмини кўрсатди. Мен Аллоҳдан сўрайманки¸ 2007 йил 2006 йилдан кам бўлмасин”, - деди Ислом Каримов.

Президентнинг айтишича, биргина 2006 йилнинг ўзида касаначилик ҳисобидан 60 минг янги иш жойи ташкил этилган.

Шу ўринда “касана” сўзининг луғавий маъносига эътибор қаратиш жоиз. Касана - ёлланган ҳунарманд-косиб томонидан уйда тайëрланадиган нарса ва шу тартибда ишлаш. Касаначи – ёлланиб уйида ишлайдиган ҳунарманд-косиб.

Хўш, шундай экан, нега расмийлар касаначиликни давлат томонидан яратиб берилган иш жойи ўлароқ талқин қилмоқда?

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ходими Сойибжон Алиев бу масалага тушунтириш беришга уринди. Унинг сўзларига кўра, касаначиликда одамлар уйда ишласа-да, бирор корхонанинг ишчиси ҳисобланади. Корхона у билан шартнома тузади ва ойлик тўлайди. Касаначи нафақа жамғармасига ҳам аъзо бўлади.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Баҳодир Баҳриддинов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мамлакатда ҳақиқатан ҳам иқтисодий ўсиш яхши эканини таъкидлади.

“Янги корхоналар, тўқимачилик комбинатлари очиляпти. Заводлар кенгайиб боряпти. Экспорт қилинадиган маҳсулотларимиз сони ҳам ортяпти. Яқин-яқингача 8 миллион тонна нефть қазиб олаëтган эдик, янги захиралар очилгандан сўнг қазиб олиш ҳажми ошди. Шунингдек, йилига 57 миллиард куб метр газ қазиб олар эдик, янги конлар очилгандан сўнг бу рақам 60 миллиард куб метрга етди. Демак, иқтисодий кўрсаткичлар ўсиб боряпти”, - деди иқтисодчи.

Бошқа бир иқтисодчи Дмитрий Поваров эса расмийлар келтирган статистика билан ҳаëтдагиси анчайин фарқ қилишини айтади.

“Статистик маълумотларга қараб, мамлакат иқтисодиëтида жиддий ўсиш кузатиляпти, деган фикрга борасан. Аслида эса вазият бироз бошқача. Масалан, ҳукумат айтаëтган аҳоли даромадининг ошганини пойтахт мисолида кўриш мумкиндир. Тўғри, айрим тоифа одамлар ҳаëтида жиддий иқтисодий ўсиш юз берган, аммо бу ўзгаришларни бутун мамлакатга нисбатан қўллаб бўлмайди”, - дейди Д.Поваров.
XS
SM
MD
LG