Линклар

logo-print

Шимолий Корея “инсоф”га келгандек

  • Озодлик

Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасида Пекинда давом этаётган музокараларда КХДР энергетик ёрдам эвазига ўзининг асосий ядровий реакторини тўхтатиш ва ядровий дастурдан воз кечишга розилик билдирди.

АҚШ, Хитой, Россия, Япония, Жанубий ва Шимолий Корея вакиллари иштирокидаги музокараларда қабул қилинган келишув куннинг иккинчи ярмида кенг оммага тақдим қилиниши маълум бўлди. Бироқ Хитой вакили Ву Давеи мазкур келишувнинг айрим бандларини эълон қилди, холос. Бу келишув олти мамлакат вакиллари томонидан имзоланиши керак.

“Шимолий Кореяни қуролсизлантириш тўғрисидаги келишувнинг пировард мақсадига эришиш учун Пхеньян Йонбендаги ядровий реакторни тўхтатиши ва унга халқаро текширувчиларни киритиши лозим”, - деди Ву Давеи.

Унинг билдиришича, Пхенян иқтисодий кўмак эвазига яқин 60 кун ичида асосий ядровий реакторини ëпишга рози бўлган.

“Шимолий Кореяга тахминан 50 минг тонна нефть ёки унинг нархи ҳажмида иқтисодий кўмак кўрсатилади. КХДР шу йўсинда қолган ядровий дастурларидан ҳам воз кечса, мамлакатга бир миллион тонна нефть маҳсулоти ёки унинг нархи ҳажмида кўмак кўрсатилади”, - деди Ву Давеи.

АҚШнинг музокаралардаги вакили Кристофер Ҳилл Шимолий Корея расмийларининг бу қадамини олқишлаб, келишув Вашингтон манфаатларига бутунлай мос келишини айтди.

“Биз келишув лойиҳасини маъқулладик. Музокараларнинг самарали якунланишида хитойлик ҳамкасларимизнинг ҳиссаси катта”, - деди Кристофер Ҳилл.

Шунга қарамай, К.Ҳилл бу келишув узоқ давом этадиган жараëнларнинг дебочаси экани, олдинда эса қилинадиган ишлар анчалигини билдирди. Шунингдек, у КХДР яширин равишда уранни бойитиш ишларини олиб бораëтгани ҳақида иддаоларга ойдинлик киритиши лозимлигини гапирди.

Агар келишув муваффақиятли амалга ошса, Вашингтон Шимолий Кореяни террорчиликни қўллаб-қувватлаётган мамлакатлар рўйхатидан чиқариш, уни дипломатик муносабатларни қайта тиклашга уринаëтган мамлакатлар сирасига қўшиш мажбуриятини олган.

Жанубий Кореянинг музокаралардаги вакили Чун Юн Ву эришилган келишув Корея ярим оролини ядровий қуролдан холи қилишга қаратилган ҳаракатлардаги янги давр бошланганидан дарак эканини билдирди.

Япониянинг Пекиндаги музокараларда келган делегацияси раҳбари Кеничиро Сасаэ ҳам эришилган келишувдан мамнун эканини таъкидлади.

“Биз қулай келишувга эришдик. Албатта, бу борада турли фикрлар мавжуд, аммо асосийси Шимолий Корея расмийларининг ижобий фикрда бўлишидир”, - деди К.Сасаэ.

Шунга қарамай, Япония бош вазири Синзо Абэ 1970-1980 йилларда Шимолий Корея махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган Япония фуқаролари масаласи ҳал этилмаса, Пхенянга иқтисодий ëрдам кўрсатилмаслигини билдирди.

2002 йилда Шимолий Корея ўз жосусларига япон тили ва маданиятини ўргатиш учун Япония фуқароларини ўғирлаганини тан олган эди.

Олти томонлама музокараларнинг навбатдаги раунди шу йилнинг 19 мартига мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG