Линклар

Етимнинг ҳақи тешиб чиқмасмикин?

  • Ҳурмат Бобожон

Тошкент шаҳридаги 31-меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси Никита Никифоров БМТнинг болалар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи қўмитасига очиқ хат билан мурожаат этди.

У мурожаатномасида ўзи тарбия олган меҳрибонлик (болалар) уйидаги ҳуқуқбузарликлар, болалар ҳуқуқлари камситилаётгани, кўп ҳолларда зўравонлик ва таҳқирлашларга дуч келаётгани ҳақида ёзган. Шунингдек, Н.Никифоров болалар уйи раҳбарини ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилаётган маблағни талон-тарож қилаётганликда айблайди.

Ёшлигида ота-онасидан етим қолган 17 ёшли Никита Ўзбекистондаги учта меҳрибонлик уйида бўлгани ва улардан энг даҳшатлиси Тошкентдаги 31-меҳрибонлик уйи эканини айтади.

“У ерда тарбиячилар болаларни уради. Айрим пайтлари директорнинг ўзи болаларни таҳқирлайди. Ҳали 10 ёшга тўлмаган болаларни қурилишда ишлашга, оғир нарсаларни кўтариш, ғишт ташишга мажбурлайди”, - дейди Никита.

Никитанинг ёзишича, меҳрибонлик уйини тарк этаётган тарбияланувчиларни дастлабки вақтда қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан салкам бир миллион сўм ажратилади.

“2006 йил январда меҳрибонлик уйи битирувчиси сифатида менга ҳам шундай маблағ ажратилган эди. Аммо директор Зулфия Анварова бу пулнинг асосий қисмини ўзига олиб қолди”, - дейди Никита.

Бўлиб ўтган бу ноҳақликдан сўнг Н.Никифоров Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратурасига арз билан мурожат этишга мажбур бўлади ва бундан ўзи балога қолади. Меҳрибонлик уйи директори уни бу қилмиши учун ҳамманинг олдида калтаклайди ва прокуратурага берган шикоят аризасини қайтариб олишга мажбурайди. Натижа бўлмагач, меҳрибонлик уйи раҳбари кўрсатмаси билан Никита руҳий касаллар шифохонасига ташланади.

Никита у ерда ҳеч қандай асоссиз 30 кун бўлиб чиққанини айтади. Ҳали ҳам Никита ўзига ажратилган пулларни ололмай овора. У прокуратурадан жавобни ўтган йил охиригача кутди ва натижа бўлмагач, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсига ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат этди.

“Биз унинг БМТ қўмитасига мурожаат этишига ёрдам кўрсатдик. Бу мурожаат халқаро ташкилотларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз”, - дейди альянс аъзоси Елена Урлаева.

Никитанинг очиқ хатида айтилишича, 31-меҳрибонлик уйи раҳбари Зулфия Анварова Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримованинг яқин ўртоғи. Шунингдек, З.Анварова Тошкентда бир неча ҳашаматли уйга эга.

Лола Каримова “Сен ёлғиз эмассан” жамоатчилик болалар жамғармаси васийлик кенгаши раиси ҳисобланади.

“Ҳақиқатан ҳам Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова гўёки шундай хайрия фаолияти билан шуғулланади. Лекин менимча буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга қилинади. Масалан, Тошкент атрофида етим болалар учун қурилган болалар қишлоғи бор. Уни 3-4 йил илгари президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова шахсан очган эди. Биз ҳозир ўша болалар қишлоғи ёнидан тез-тез ўтиб турамиз. Лекин болалар учун қурилган бу оромгоҳда ҳеч қачон болалар овозини эшитмаймиз”, - дейди Елена Урлаева.

Никита Никифоров ҳам етим болаларга хайрия билан шуғулланиши айтилаётган президентнинг қизини меҳрибонлик уйида ҳеч қачон кўрмаганини айтади.

Никита Никифоров БМТга мурожаатида болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни имзолаган Ўзбекистонга нисбатан чора кўришни сўраган ва ташкилотдан мурожаатига жавоб олишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG