Линклар

Аваз Алиев http://gdb.rferl.org/5A59238F-1C83-4561-9F6B-57515E38E5BD_w203.jpg Лос-Анжелес шаҳрида Америка мусиқа индустриясининг “Грэмми” мукофотлари топширилди. Илк бор 1958 йилда ўтказилган “Грэмми” танловининг 2007 йилги 49-маросимида энг нуфузли номинациялар бўйича мукофотлар нафақат гўзал мусиқаси, балки мухолифатчилик руҳидаги чиқишлари билан танилган “Dixie Chicks” гуруҳига берилди.

“Грэмми” мукофотларини топшириш маросимини хонанда Стингни дунёга танитган, ўтган асрнинг 70, 80-йилларидаги энг машҳур “The Police” гуруҳи бошлаб берди. Бу гуруҳ мусиқа дунёсининг энг йирик корчалонлари йиғилган зални қанчалик ҳаяжонга солмасин, кўп ўтмай “Dixie Chicks” кечанинг асосий қаҳрамонига айланди.

Бу гуруҳ “Грэмми” мукофотига 5 номинация бўйича тавсия этилган эди ва уларнинг барчасида ғолиб бўлди. Жумладан “Йилнинг энг яхши қўшиғи”, “Йилнинг энг яхши альбоми”, “Йилнинг энг яхши ижрочиси” каби номинациялар бўйича совринлар “Dixie Chicks”га насиб қилди.

“Dixie Chicks”нинг “Грэмми”га сазовор бўлган “Taking the Long Way” альбоми икки миллиондан зиёд нусхада сотилган.

“Dixie Chicks” гуруҳи, юқорида таъкидланганидек, мухолифатчилик руҳидаги чиқишлари билан ҳам танилган ижодий жамоадир. Унинг Ироқ уруши олдидан президент Жорж Буш олиб бораётган сиёсат тўғрисида билдирган танқидий фикрлари ўз вақтида катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ўшанда гуруҳ хонандаси Натали Майнес “Жорж Буш билан битта штатдан эканидан уялиши”ни айтганди.

Гуруҳнинг “Грэмми”га сазовор бўлган “Мен яхшилик қилишга тайёр эмасман” қўшиғи ўша танқидий чиқишлардан сўнг пайдо бўлган таҳдидларга жавоб тариқасида ёзилган эди.

“Dixie Chicks” гуруҳидан ташқари хонанда Mary Blige учта “Грэмми”, “The Red Hot Chili Peppers” гуруҳи тўртта “Грэмми” билан тақдирланди.

Киночиларнинг “Оскар” мукофотидай нуфузга эга бўлган “Грэмми” Боб Делон, Бейонс каби машҳур ижрочиларга ҳам насиб этди.
XS
SM
MD
LG