Линклар

“ZEROMAX” акциялари “Газпром”га сотилади

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистонда кўплаб етакчи соҳаларда муваффақиятли фаолият юритаётган “ZEROMAX” компанияси ўз активларининг салмоқли қисмини Россиянинг “Газпром” ширкатига сотишини эълон қилди.

“ZEROMAX” компанияси соҳиби Миродил Жалолов “Озодлик” радиосига берган эксклюзив интервьюсида айни пайтда “Газпром” билан сотиладиган активлар миқдори ва уларнинг нархи борасида музокаралар давом этаётганини маълум қилди.



“Газпром” жуда ҳам нуфузли тузилма ҳисобланади. Бу компания билан стратегик шериклик шартномасини имзоладик. Бу шартнома асосида акцияларимизнинг маълум қисмини улар сотиб олади. Уларнинг миқдори ва нархи бўйича ҳали якуний келишувга келганимизча йўқ. Биз “Газпром” таркибига кирган “Газэскпорт” ширкати билан 2004 йилдан бери самарали ҳамкорлик қилиб келамиз. Шу боис, “ZEROMAX” акцияларини сотиб олиш биринчи галда шу компанияга таклиф этилди”, - деди М.Жалолов.

“Бизда жуда катта лойиҳалар бор, - сўзини давом эттирди М.Жалолов. - Лекин бизда маблағ етишмайди. “Газпром” эса сармоя демакдир. Немислар келди, австияликлар келди, инвестиция қилайлик, деди. Ўзбекистонга деса ҳаммаси чопиб келади. Лекин труба Россия орқали ўтади”.

Таҳлилчилар “ZEROMAX” активларининг “Газпром”га сотилиши расмий Тошкент ўз сиёсатини Россия томон бураётгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам айтмоқда. Айрим манбаларга кўра, компаниянинг айланма капитали ярим миллиард долларга етади. “ZEROMAX” Ўзбекистонда газ ва нефть, олтин қазиб чиқариш, газ қувурлари ётқизиш, пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик ҳамда қурилиш маҳсулотлари саноати соҳаларида фаолият юргизмоқда.

Шу боис, “Озодлик” М.Жалоловдан компаниянинг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқалари ҳақида ҳам сўради.

“Бизга тўсиқлар йўқ, дейишади. Аслида тўсиқлар жуда кўп. Биз шунчаки буни гапирмаймиз. Бу тўсиқларни бор кучимиз билан енгишга ҳаракат қиламиз. Ҳукумат вакиллари билан хуфя ишлашимиз ёки Гулнора Каримова билан алоқаларимиз ҳақидаги хабарлар ҳаммаси бўҳтон. Ҳукумат улуши бор корхоналаримиз назорат қилинади. Бизга ҳеч қандай бошқача қараш, енгилликлар берилмаган. Ҳамма қатори ишлаймиз. Қўшма корхоналаримиз элликка эллик улушда ишлайди, шунинг ўзи бизга етарли”, - дейди М.Жалолов.

“ZEROMAX” асосий даромадини нефть-газ соҳасидаги ўнтача лойиҳасидан олади. Яқинда ишга туширилган биргина Кўкдумалоқ конидан чиқаётган чиқинди газни қайта ишлаш лойиҳаси кунига бир миллион АҚШ доллари миқдорида даромад олиб келади.

“ZEROMAX” яқиндан бошлаб олтин қазиб чиқариш соҳасини ҳам ўзлаштира бошлади. Шу мақсадда Ўзбекистонда молиявий муаммоларга дуч келган Буюк Британиянинг “Oxus Gold” компаниясининг 16 фоиз акцияси сотиб олинди.

Ҳозирча “ZEROMAX” вакиллари компания бошқаруви Россия қўлига тўлиқ ўтиб кетмаслигини таъкидламоқда.

Бугунги кунда “ZEROMAX” компанияси таркибидаги корхоналарда 16 минг одам ишлайди.
XS
SM
MD
LG