Линклар

logo-print

Авлиё Валентиннинг “севги”си ўзбекларга ҳам юқмоқда

  • Озодлик

14 февраль - “авлиё Валентин куни”, оддийроқ айтганда, “Севишганлар куни”ни нишонлаш дунёда тобора омавийлашиб бораётган бир пайтда ўзбек ёшлари ҳам бу урфни четлаб ўта олмаётир.

Насронийликнинг католик ҳамда православ мазҳабларида бу байрам тан олинмайди. Бундай байрам исломда ҳам йўқ. Шунга қарамай, бу байрамни жон деб нишонлайдиганлар Ўзбекистонда ҳам тобора кўпайиб боряпти.

Ўзбек ёшлари, талаба йигит-қизлар орасида ҳазрат Бобур таваллуд топган кунда батамом ёт юртлар, ëт динларга хос санани байрам сифатида нишонлаш одат тусига кириб бораётир. “Валентин куни”, “Севишганлар куни”, “Висол куни” номлари билан юритиладиган бу байрамнинг асл моҳиятидан кўпчилик хабардормикин?!

Тарих саҳифаларининг хира тортган ҳошияларида авлиё Валентин деган шахс ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин насроний динига мансуб тарихчиларнинг қайд этишича, бу инсон ўз замонасида севишганларни бир-бирига учраштириб қўйиш бўйича “мутахассис” бўлган. Рим империясидаги Терн шаҳрида туғилган бу шахс аслида роҳиб бўлган ва кейинчалик ўз касбига хилоф иш қилиб, “муҳаббат мактублари”ни битиш йўлига ўтиб кетган. Валентиннинг ҳаёт йўли Рим императори Клавдий даврига тўғри келган. Қонли урушлар режасини тузган император аскарлари жангда ҳолдан тоймаслиги учун ғалати қарор чиқарган: “Бирортанг уйланмайсан, қизлар билан учрашмайсан!!!” Валентин бу қарорга биринчилардан бўлиб қарши чиққан ва император томонидан қамалгандан сўнг ҳам зиндондан турли мактублар чиқаришда давом этган. Охири у қатл этилган. Кейинчалик у қатл этилган жойда черков қурилган.

Насронийларнинг ишонишича, авлиё Валентин тинчлик ва севгига даъват қилган, шу сабабли қатл этилган. Валентин севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё сифатида ҳурматланган.

Ўша пайтдаги насроний ақидаларга кўра, никоҳ ёшига етган қизлар исмини қоғозга ёзиб, бир қутичага солар, уйланмоқчи бўлиб юрган йигитлар эса қутичадаги қоғозлардан бирини тортар экан. Шу кундан бошлаб йигит қоғозда исми ёзилган қизнинг хизматкорига айланиб, кейинги байрамгача бир йил мобайнида шу қизнинг юмушларини бажариб юрар экан. Бир йил ўтгач, улар ё оила қурган ёки яна қутичага мурожаат қилган.

“Валентин куни”нинг қисқача тарихи шу ва бу тарих бугун бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам давом этяпти. 14 февралда Ўзбекистондаги FM радиостанцияларга қилинган қўнғироқларнинг 98 фоизи севишганлар кунига бағишланди. Айримлар севгилисини табриклаган, уларга самимий саломларини йўллаган, бошқалар эса севганидан қандай совға олганини, байрамни қайси ресторанда нишонлаганини эфирда овоза қилган...

“Севишганлар куни”ни эртакдаги каби нишонлаëтган йигитлар ҳам топилади.

“Яқин дўстим эрталаб бозорга чиқиб 600 дона гул сотиб олибди. Гулларни севиклиси истиқомат қиладиган 4 қаватдан бошлаб, то подъезд эшигигача ëйиб чиқибди”, - деб ҳикоя қилади бир суҳбатдош.

Бу кундан раҳбарига хушомад қилиш учун бир баҳона сифатида фойдаланганлар ҳам бўлибди.

“Бу нафақат икки одам, балки дўстлар, ҳамкасблар ўртасида ҳам нишонладиган кун. Масалан, биз эрталабдан ишга бориб, хўжайинимизга совға бердик. У буни кутмаган эди. Хурсанд бўлди ва бизни жуда яхши кутиб олди”, - дейди 22 ёшли Наргиза.

Салкам 70 ëшни қаршилаган Абдумалик ака бу байрамнинг ўзбеклар турмушига қаердан кириб қолганини била олмай хуноб.

“Керак эмас! Эски урф-одатларимизда бундай гаплар йўқ-ку! Нима кераги бор бу валентин-салентинларни?! Етади ўзимизнинг байрамларимиз. Наврўз бор, иккала ҳайит кунларини нишонлаяпмиз. Яна нима керак”, - дейди Абдумалик ака.

Тошентлик Хайрулла эса бир-бирига муҳаббат изҳор этиш учун маълум бир кунни тайинлаш шарт эмаслиги, одамлар жуфтини бир умр яхши кўриши кераклигини гапирди.

“Ислом инсонларни бир-бирига муҳаббатли бўлишга чорлайдиган дин ҳисобланади. Исломда мусулмонлар ҳар куни бир-бирини яхши кўриб, эҳтиром қилиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам ислом уламолари бирор кунни “Муҳаббат куни” ëки “Валентин куни” сифатида эътироф этишни бидъат, деб билади. Бидъат эса Исломда бўлмаган нарсани диний байрам сифатида нишонлашдир. Шунинг учун ҳақиқий мусулмонлар бу байрамга унчалик эътибор қаратмаслиги лозим”, - дейди Хайрулла.
XS
SM
MD
LG